01 June 2016
02:04 - Юсуф Жума: Буюк Устозим Эркин Воҳид хотирасига

Бу очундан - ялғончидан
Ўтган, улуғим, алвидо!!!
Улуғларнинг йўлларини
Тутган, улуғим, алвидо!!!

Гап уқарми қорабошлар,
Ичи тошлар, сирти лошлар.
Маҳмуд Қошғарий қошига
Кетган, улуғим, алвидо!!!

Аҳли нодон буёқдадир,
Абу Райҳон у ёқдадир.
Ал Беруний ҳузурига
Eтган, улуғим, алвидо!!!

Аҳли тутуқ бу ёқдадир,
Алп Тунюқуқ у ёқдадир.
Буюк руҳлар битигини
Битган, улуғим, алвидо!!!

Аҳли фано бу ёқдадир,
Аҳли худо у ёқдадир.
Аҳли Худо этакларин
Тутган, улуғим, алвидо!!!

30.05. 2016.