30 May 2016
20:08 - Хоразмда ширакайф милиция ходимлари фуқарони дўппослади
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятининг бугунги релизида ана шу воқеалар хроникаси тилга олинади. Маълум бўлишича, Хоразм вилояти Хива тумани Янгиобод шаҳарчасида яшовчи Меҳрибон Каримованинг фарзандларини шу йилнинг 18 апрель куни Хива тумани ҳудудида Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг ширакайф ходимлари дўппослашган. Хива тумани Шошилинч Тез Тиббий Ёрдам Маркази хулосаларига кўра, милиция ходимларининг тан жароҳат етказгани тиббий маълумотномалар билан тасдиқланган. Аммо Хоразмда ЙПХ ходими Дилмурод Ражабов ҳамда унинг шеригига нисбатан жавобгарлик кўрилиши ўрнига жабрланувчи Маъмурбек Алимбоевни қамаб ўтиришибди.

Фуқаро Меҳрибон Каримованинг шикояти ва унга қўшиб жўнатилган материаллар ўрганилиши чоғида ЙПХ ходими Дилмурод Ражабовнинг акаси вилоятнинг Боғот тумани ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари, қайнотаси эса жиноят ишлари бўйича вилоят суди судьяси экани маълум бўлган. Шикоятчи Каримованинг иддаосича, зўровон милиция ходимини унинг қариндошлари жавобгарликдан ҳимоя қилмоқда экан.

“Йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари маст ҳолатда ўғлим ва уни милиция чангалидан қутқармоқчи бўлган қизимни ҳақоратлашди, дўппослашди. Қўлимизда тиббий хулосалар мавжуд, аммо Хоразмда вилоят прокурори, милиция бошлиқларининг “қулоғи кар, кўзи кўр”, фуқаро мурожаатига эътибор қилишмайди. Қаерга борсанг, бор, қўлингдан ҳеч нима келмайди, дейишмоқда. Ахир ЙПХ ходимлари ҳам хизмат вақтида маст ҳолатда бўлишадими, буларга кимдир чора кўрадими?” дебди ҳуқуқ ҳимоячилари билан суҳбатда аёл.

Маълум бўлишича, фуқаро Маъмурбек Алимбоев Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 219-моддаси (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) билан айбланмоқда. Унга қўйилаётган айблов тасдиқланса, у узоқ йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин. Шу тариқа уни милиция ходимлари ҳам дўппослашади, ҳам қамоқ билан жазоланади, деб ёзмоқда “Эзгулик”.

Ҳуқуқ ҳимоячилари мазкур масала юзасидан Республика Бош прокуртураси эътиборини фуқаро тақдирига қаратган.