30 May 2016
12:22 - Ражаб Эрдўғон Истанбулнинг забт этилиш куни байрамида нутқ сўзлади, фатхулла-гуленчиларни террористга чиқарди. Абдураҳим Пўлат нима дейди?

Кеча Истанбулнинг забт этилиш кунининг 563 йиллиги муносабати билан бу шаҳарда байрам тантаналари бўлаётгани, уларнинг энг каттасида Туркия Президенти Ражаб Эрдўғон ҳам иштирок этиши мумкинлиги ҳақида хабар берган эдик. Айнан шундай бўлди, Туркия ахборот воситаларида эълон қилинган расмларга кўра, кеча кечқурун Ражаб Эрдўғоннинг ҳам иштирокида Истанбулнинг Ениқапи номи билан танилган майдонида ўтказилган тантанали, театрлаштирилган митингга юз минглаб, балки, миллион одам қатнашди.

Митинг қатнашчилари нафақат Истанбул ва унинг атрофидан, балки, бутун Туркиядан ҳукуматнинг ўзи тарафидан олиб келингани оммавий ахборот воситаларида ҳам айтилмоқда. Бу ерда катта нутқ сўзлаган Туркия Президенти Ражаб Эрдўғон Ғарб цивилизациясининг марказларидан бири бўлган Константинопол шаҳри Султон Маҳмуд II тарафидан заб қилиниши билан фахрланиши тушунарли. Аммо, ҳозир Туркияга қарши қилинаётган ҳар қандай қадам, ҳатто курдларнинг узоқ йиллардан олиб бораётган террористик уруши - Истанбулнинг забт этилишидан ўч олиш мақсадида Ғарб тарафидан бошқарилаётганини гапириш ҳақиқатдан узоқ нарсадир.

Қолаверса, бундай гапларни гапириш - НАТО доирасида Туркиянинг асосий иттифоқчиси бўлган Ғарб билан алоқаларни янада ёмонлаштириши шубҳасиз. Эрдўғондек сиёсатчи буларни тушунмаслиги мумкин эмас. Демак, бу – атайлаб отилаётган тошдир.

Эрдўғоннинг нутқида бу байрам доирасида кутилмаган яна бир мавзу тилга олингани ҳам диққатга сазовор. Унинг айтишича, шу кунларда йиғилиш ўтказган Миллий Хавфсизлик Кенгаши давлат ичида давлат қуриб олган фатхулла-гуленчилар ҳаракатини “террористик ташкилот” деб баҳолабди ва бу ҳақдаги ҳужжат янги ҳукуматга юборилибди.

Табиий, тамомийла Эрдўғоннинг ўзига бўйсунадиган янги ҳукумат ҳам энди фатхулла-гуленчиларга террористларга каби муносабатда бўлишни бошлайди.

Айнан шу нарса мен учун кутилмаган воқеа эмас, дейди “Бирлик” Партияси лидери Абдураҳим Пўлат. Мен ўтган йилнинг бошларида АҚШ Президенти Барак Обамага ислом терроризмининг илдизлари ва хавфлари ҳамда у билан қандай курашиш керклиги ҳақида мактуб ёзганимда, яқин даврда Туркия ва Марказий Осиё ислом терроризмининг янги марказларига айланишини башорат қилган эдим. Марказий Осиё бошқа масала, аммо Туркия ҳақидаги фикрим Обамага ёзилган хатда тилга олинмаган, аммо назарда тутилган қуйидаги тушунчаларга асосланганди.

Мен Туркиядаги курдларнинг терроризмини эмас, айнан ислом терроризмини назарда тутганман. Тахминимга кўра, ҳозир Туркияда исломчилар ичидаги бўлиниш чуқурлашар экан, ютқазишга бошлаган тараф террор йўлига ўтиши муқаррардек кўринмоқда. Ҳозир фатхулла-гуленчиларнинг “Хизмат” ҳаракати мағлубиятга учрамоқда. Демак, айнан улар террор йўлига ўтадилар. Мувозанат ўзгариб, фатхулла-гуленчиларнинг қўли баланд келишга бошласа, террор байроғи иккинчи тараф томонидан кўтарилади.

Кўринишидан, фатхулла-гуленчилар мағлубиятга учраётгани сабабли террор йўлига ўтишини башорат қилишда Ражаб Эрдўғон ва унинг командаси ҳам мен каби ўйламоқда.

Расмда – Ениқапи майдонидаги митингдан кўриниш.