29 May 2016
17:18 - Туркиянинг янги ҳукумати парламент тарафидан тасдиқланди, мамлакат исломлашиш йўлида
Аввалги хабарларимиздан маълумки, Туркияда ҳокимиятда бўлган исломчиларнинг Адолат ва Тараққиёт Партияси (АТП) раиси, айни замонда, Туркия Бош вазири Аҳмад Довудўғли иккала вазифасидан ҳам бир ҳафта аввал истеъфога чиққанидан кейин, партиянинг навбатдан ташқари қурултойи чақирилганди. Қурултойда шу пайтгача парламент аъзоси, ва айни замонда, Tранспорт, денгизчилик ва хабарчилик вазири ҳам бўлган Бинали Йилдирим бир овоздан партия раиси этиб сайланди. Ўша заҳоти Президент Ражаб Эрдўғон Бинали Йилдиримга янги ҳукумат қуриш ваколатини берди.

Бугун Туркия Буюк Миллат Мажлиси Бинали Йилдирим тарафидан тузилган ва Эрдўғон тарафидан маъқулланган Туркия тарихининг 65-чи ҳукуматини тасдиқлаш учун йиғилди. 550 кишилик парламентнинг 453 аъзоси қатнашган мажлисда янги ҳукуматни тасдиқлаш учун 315 депутат овоз берди, 138 депутат қарши чиқди. Маълумки, АТПнинг парламентда 318 депутати бор. Туркия ўта мураккаб сиёсий жараёнлар гирдобида эканлиги назарда тутилса, янги ҳукумат учун ҳамма АТПликлар овоз бермагани, баъзи мухолифатчилар эса, айнан янги ҳукумат учун овоз берганини тахмин қилиш қийин эмас.

Янги ҳукумат Бош вазир раҳбарлигида анъанага айланган маросим уюштирди ва Отатуркнинг қабрини зиёрат қилди. Лекин, ҳамма биладики, бу ҳукуматдаги исломчи вазирларнинг асл мақсади – Ислом дунёсида биринчи дунёвий давлат қурган буюк Отатуркни қабрини ҳам йўқ қилиш, Туркияни исломий давлатга айлантиришдир. Агар шундай қилинса, нафақат Туркия, балки, бутун Ислом дунёсининг қолоқлик даражаси яна ҳам ортишга бошлайди.