27 May 2016
21:04 - Ўзбекистонда ЮНИСЕФ вакилининг миссияси тугади, аслида бўлмаган ҳам...
Хабаримизга қўйилган иддаоли сарлавҳани Ўзбекистондаги бола ҳуқуқларига оид вазиятдан хабардор киши дарҳол тушунса керак. Чунончи, ЮНИСЕФнинг асосий вазифаларидан бири БМТнинг бола ҳуқуқлари оид конвенциялари бажарилишини мониторинг қилиш экан, миссияси битган БМТ мулозимининг тўлақонли миссияси бўлмаганини эътироф этиш керак. Шундоқ бўлса ҳам бугун Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комил мамлакатимиздаги миссиясини якунлаётган БМТ Болалар Жамғармаси (ЮНИСEФ) ваколатхонаси раҳбари Роберт Фюдерични қабул қилибди.

“Учрашувда Ўзбекистон ва ЮНИСEФ ўртасидаги муносабатлар ҳолати ва ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди ҳамда алоқаларнинг конструктив ва ўзаро манфаатли тусга эга эканлиги қайд этилди. Суҳбат чоғида 16 апрелда имзоланган 2016-2020 йилларда ЮНИСEФнинг мамлакатимизга оид ҳамкорлик дастурининг муваффақиятли амалга оширилишидан томонлар манфаатдор эканлиги билдирилди” дейилади Ташқи ишлар вазирлиги хабарида.

Табиийки, аввал Ямайкада ишлаган бу одам ҳам халқаро ташкилотлардаги бошқа ҳамкасблари қатори Ўзбекистондаги бола ҳуқуқ камститилиши, болалар меҳнатига оид вазиятларга кўз юмгани боис ёғли зиёфатларнинг тўрида бўлган. Мукофот ва совға-саломлар билан тақдирланган.