26 May 2016
06:23 - “Ҳаракат”нинг танқидидан кейин қўғирчоқ ахборот воситалари Ислом Каримнинг Сергей Лавров билан учрашув расмини эълон қилдилар
24 май куни кечқурун Ислом Карим Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровни қабул қилгани ҳақидаги хабарни ЎзАга асосаланиб тарқатар эканмиз, уларнинг биргаликда тушган расмлари одатдагидек йўқ эканлиги устидан кулган эдик. Ростдан ҳам ЎзА ва Ташқи ишлар вазирлигининг сайтларида Ислом Карим ва Сергей Лавровнинг биргаликда тушган расмлари йўқ эди. Ўз хабарларини айнан ЎзАга асосланиб тарқатган мавжуд режимнинг қўғирчоқ ахборот воситалари ҳам бундай расм бермаган эдилар.

Аммо, “Ҳаракат” уларнинг устидан келгандан кейин, gazeta.uz ва kun.uz каби қўғирчоқ сайтлар Ислом Карим ва Сергей Лавровнинг биргаликда тушган расмларини ўз хабарларига қўшиб қўйдилар. Бу расм ЎзА ва ташқи ишлар вазирлигинг сайтида ҳозир ҳам йўқ экан, бошқалар уни қаердан олдилар?

Бунақа аҳмоқона саволлар беришга ҳожат ҳам йўқ. Масхарабозликдан бошқа нарсани билмайдиган қўғирчоқ ахборот воситаларига бу расмни қўшиб қўйиш топшириғи юқоридан берилган, улар буни бажарганлар. Тамом вассалом.

Қани, топшириқни бажармай кўрсинларчи, бир маҳаллар бекитилган olam.uz ёки 12news.uz сайтларининг куни ўз бошларига тушарди.

Нима бўлса ҳам, танқидимиз нишонга текканидан хурсандмиз. Ҳамма биз каби ишласа эди, аҳволи ғариблиги расмданоқ кўриниб турган Ислом Карим аллақачон Ўзбекистондан қочиб кетган бўларди.