25 May 2016
01:03 - Туркияда ҳамма нарса алғов-далғов: Мухолифатдаги Миллиётчи Ҳаракат Партиясининг қурултойи суднинг қарори билан мажбуран ўтказилади
Аввалги хабарларимиздан маълумки, Туркияда ўтган йили 1 ноябрда ўтказилган навбатдан ташқари парламент сайловларида мухолифатдаги Миллиётчи Ҳаракат Партияси 10 фоизли тўсиқдан зўрға ўтибгина Туркия Буюк Миллат Мажлисига киролганидан кейин, партия ичида ички кураш оловланди. Партия раиси Давлат Боғчалига мухолиф бўлган партия аъзолари партия Уставининг ҳамма талабларини бажариб ва керакли ҳужжатларни тайёрлаб, навбатдан ташқари қурултой чақириш талабини ўртага қўйдилар. Аммо, Давлат Боғчали бу талабни Уставга хилоф равишда рад этди.

Шундан кейин партия ичидаги мухолифатчилар судга мурожаат қилдилар. Шу йил 8 апрелда Анқара суди уларнинг талабини тўғри деб топди. Аммо, партия расмийлари бу қарорни бекор қилиш талаби билан юқорироқ даражали судга мурожаат қилдилар. Бу суд Анқара шаҳар судининг қарорини бекор қилди.

Ички жанжал доирасида иш Туркия Олий Судигача етиб борди ва кеча бу суд партия ичидаги мухолифатчиларнинг талабини тўғри деб топиб, Миллиётчи Ҳаракат Партиясининг навбатдан ташқари қурултойини ўтказиш кераклиги ҳақида қарор чиқарди.

Партия раҳбарияти бу қарорни тан олишга мажбур бўлди ва дархол 26 июнь ёки 7 июлда қурултой ўтказилишини эълон қилди. Партиянинг жорийдаги раиси Давлат Боғчали раисликка яна номзод бўлиши ҳам урғуланди.

Туркия, бир томондан, курд террористлари билан ростакам уруш олиб борар экан, бошқа тарафдан, Туркиянинг сиёсий саҳнасида барқарорлик йўқлиги аввалги хабарларимидан маълум, дейди мухбиримиз. Ҳозир ҳокимиятда бўлган исломчиларнинг Адолат ва Тараққиёт Партияси ичидаги низолар сабабли, бу партиянинг амалда эгаси бўлган Президент Эрдўғон шу кунларда партиянинг набатдан ташқари қурултойини чақирди ва партияга янги раис сайланди. Ўша заҳоти Эрдўғон янги партия раисига янги ҳукуматни тузишни топширди.

Кўриб турибмизки, мухолифат партияларининг бири бўлган Миллиётчи Ҳаракат Партияси ичида ҳам шунга ўхшаган воқеалар бўлмоқда. Табиий, бу ерда ишга суд ҳам аралашди, демак, жараёнлар демократия доирасида давом этмоқда.

Ҳа, Туркия мураккаб жараёнлар ичида қолди. Аввал ҳам айтганимздек, бу мураккаб жараёнлар давомида қонли воқеалар юз бериши, ҳатто Туркия парчаланиб кетиши мумкин. Қани энди, Турк Дунёси уюшган бўлса эди, у Туркияга ёрдам беролган ҳам бўларди.

Аммо, Турк Дунёсининг қудрати билан иккинчи давлати бўлган Ўзбекистонда Ислом Карим раҳбарлигидаги тожиклар режими ҳукмронлик қилар экан, ҳақиқий Турк Дунёси ҳақида гапириб ҳам бўлмайди.