18 May 2016
07:18 - Москвада Хованское қабристонидаги жанжалда ўлганлар фақат тожикистонликларми?
Аввалги хабарлардан маълумки, шу йил 14 май куни Москванинг энг катта Хованское қабристонида ҳаммаси бўлиб тахминан 200 киши иштирокида ўзбек-тожиклар гуруҳи билан доғистонлик ва чеченистонликлар гуруҳи ўртасида иш талашиб катта жанжал чиққан, муштлашиш билан бошланган жанжал қурол ҳам ишлатилган урушга айланиб кетганди. Ўша жанжалда аввал 2 киши ҳалок бўлгани айтилди, кейин бу рақам 3 га чиқди. Ярадор бўлганларнинг сони 30-40 атрофида. Баъзи хабарларда полиция 50 кишини, бошқа хабарларда 100 дан ортиқ кишини ушлаб кетгани айтилмоқда.

Кейинги хабарларга кўра, қабристоннинг бошқарувчиси ишдан олинди, уни жиноий жавобгарликка тортиш масаласи кўрилмоқда, ҳозир у вақтинча ҳибсга олинган. Жанжал бошланишининг асосий айбдори ёки айбдорлари кимлиги ҳақида ҳам чалкаш хабарлар кўп. Баъзи хабарларда жанжални кавказликлар бошлагани айтилса, полиция бош айбдор сифатида москвалик, исми-шарифига қараганда рус бўлган қандайдир юристни ҳибсга олгани ҳам айтилмоқда.

Тожикистон ахборот воситалари билдиришича, бугун кечаси ўша жанжалда ҳалок бўлган 3 тожикистонликнинг жасади Душанбега олиб келиниши режалаштирилган. Балки, шу дақиқаларга олиб келингандир ҳам. Бу уч киши рогунликлар экан - Сухроб Хушаков, Иноят Ризове ва Сайнуриддин Собиров. Демак, ҳалок бўлганларнинг ҳаммаси тожикистонликми? Хабарлар чалкаш бўлгани сабаби, бу саволга ҳам жавоб бериш қийин.

Тожикистоннинг Москввадаги элчихонаси бу жанжалга алоқаси бор бўлган ўз ватандошларининг тақдири билан яқиндан қизиқмоқда, маҳаллий ҳокимият идоралари билан бирга ишламоқда ҳам дейиш мумкин.

Ўзбекистон расмийлари ва оммавий ахборот воситалари бу жанжалга алоқаси бор бўлган ўзбекистонликларининг тақдири билан қизиқаётгани ҳақида ҳеч қандай хабар йўқ. Хабар йўқлигининг сабаби – қизиқишнинг йўқлиги эканлиги ўз-ўзидан маълум.