15 May 2016
13:41 - Қримтатарларининг хонандаси Жамалага - Офарин, Сталин режими ва унинг ворисларига – Лаънат

Кеча Швециянинг пойтахти Стокголмда ўтказилган эстрада қўшиқларининг “Евровидение-2016” финалида украиналик хонанда, асли қримтатари бўлган Жамала (ўзбекчасига Жамола деса ҳам бўлади) ўз миллатининг 1944 йили Сталин режими тарафидан Қримдан депортация қилиниши, яъни ҳайдалишига бағишланган “1944” қўшиғи билан ғалаба қозонди.


Ўз миллатининг дардини унутмаган, унинг дардлари билан яшаётган хонандага “Офарин” деймиз, мутлақо кўпчилиги миллат сифатин йўқотган, миллий ҳис-туйғуларсиз яшайдиган ҳолга тушиб  бўлган ўзбекларга ўрнак бўлишини истаймиз.

Маълумки, қримтатарлари Сталиннинг буйруғи билан 1944 йил 18 май куни ўз она юртларидан депортация қилинганлар. Уларнинг кўпчлиги Ўзбекистонга ерлаштирилди. Ўзбеклар уларни ўз яқинларидек қабул қилдилар. Айнан Ўзбекистонда яшаган Мустфо Жамил ўғли кабилар ўз она юртларига қайтиш талаби билан ва қўрқмасдан Совет замонидаёқ афсонавий кураш бошладилар ва ниятларига етишдилар.

Аммо, 2014 йили Қримни босиб олган Россия Сталиннинг сиёсатини бироз юмшоқ шаклда бўласа ҳам давом эттираётгани ҳар бир инсоннинг ғазабини келтиради.

Руслар аввал Мустафо Жамилўғли ва унинг раҳабарлигида тузилган Қримтатарлар Халқ Мажлисининг жорийдаги раиси Рефат Чубаровнинг Қримга келишни тақиқладилар, кейин Қримтатарлар Халқ Мажлисинининг ўзини ҳам тақиқладилар. Бу ташкилотнинг бир қатор фаоллари қамалди, қримтатарларга қарши босим кучайтирилмоқда.

Аҳвол шундай оғир бўлишига қарамасдан, Қрим Мусулмонлар Диний Идорасига асосланиб тарқатилаётган хабарларга қараганда, бугун қримтатарлар депортациясининг 72 йиллиги муносабати билан анъанавий Чотиртоғ тоғига чиқиш маросимини ўтказиш учун 3 мингга яқин одам тўпланди.

Улар тоғга чиқишдан олдин қиримтатар халқининг гимнини ижро этдилар. Ёшларнинг қўлларида қримтатарларининг миллий байроғи бор эди.