15 May 2016
07:05 - Туркия феълан урушда экан, Президент Эрдўғон қизининг никоҳини минглаб киши иштирокидаги муҳташам маросимда ўқитди

Ҳа, ҳар куни Туркия ҳарбийлари ва ҳуқуқ тартибот органларининнг ходимларидан 5-10 киши курд террористлари тарафидан ўлдирилмоқда. Мамлакат феълан уруш ичида. Ҳалок бўлганларни тупроққа бериш маросимларидан берилаётган хабарлар ҳар қандай одамнинг юрагини ёқади. Ўлдирилган фарзандининг ўринига урушга кетишга тайёр эканлигини билдираётган ота-оналар ёки ўлдирилган эрининг ўрнига урушга кетаман деб фарёд қилаётган аёллар борлигини кўриб, турк миллатига қуллиқ қилиш керак деб ўйлаб қолиш ҳеч гапмас.

Шундай пайтда Президент Эрдўғоннинг 31 ёшли Сумейя исмли қизи билан 36 ёшли бизнесмен Селчук Байрактарниннг никоҳи минглаб кишининг иштирокида ўта тантанали равишда ўқилишини мутлақо тушуниб бўлмайди. Тўғри, ёшларнинг тўйини тўхтатиб бўлмайди, аммо мамлакатдаги вазиятдан келиб чиқиб, оила ичида камтарин тўй ўтказилиши керак эди.

Табиий, гап шариат қонунлари бўйича домла тарафидан ўқилган никоҳ тўғрисида кетмаяпти. Аслида, ундай никоҳ ҳам ўқилган бўлса керак. Кеча минглаб кишининг иштирокида бу икки ёшнинг оиласи давлатнинг тегишли идораси тарафидан рўйхатга олинди, уларга керакли гувоҳонома берилди. Маросим Истанбулда ўтказилгани сабабли, гувоҳнома Истанбул ҳокими тарафидан имзоланди ва оилага топширилди.

Бу маросимга Туркия давлатнинг юқори даражали ҳамма расмийлари ва минглаб меҳмонлардан ташқари Босния-Герцог президенти, Покистон ва Албаниянинг амалдаги бош вазирлари, Ливаннинг собиқ Бош вазири ҳам иштирок этишгани қизиқ. Табиий, улар бу ерга тасодифан келиб қолишмаган, Эрдўғон тарафидан таклиф қилинишган. Алоҳида айтиш керак, Туркия ҳарбий кучлари Бош штабининг қўмондони ҳам шу ерда эди.

Бу шармандали маросим Туркия тарихининг қора саҳифаларига ёзилиши муқаррар.