14 May 2016
15:25 - Тожикча демократия: 22 майда Конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича умумхалқ референдум бўлади

Аслида бу хабар сарлавҳасини анъанамизга кўра “Тожикча масхарабозлик” деб бошламоқчи эдик. Аммо, Тожикистонда, худди Ўзбекистонимизда каби, “демократия” ва “масхарабозлик” тушунчалари ҳозир сал кам синоним эканлигини ҳисобга олиб, бу сафар “демократия” сўзини танладик.

Хуллас, 22 майда Тожикистон Конститциясига киритилиши мўлжалланаётган бир қатор ўзгартиришлар халқ тарафидан тасдиқланиши ёки рад этилиши керак.

Биринчидан, савол туғилади. Агар Тожикистонда демократия бўлса, халқ тарафидан демократик йўл билан сайланган ва халқнинг амрини бажарадиган мамлакат парламентининг ўзи, яъни Мажлиси Олий бу ўзгартиришларни тасдиқлаб қўявермайдими? Бундай қилса ҳам бўлади, аммо Имомали Раҳмоннинг мақсади – Тожикистонда демократия борлигини содда халқаро ҳамжамиятга яна бир кўрсатиб қўйишдир.

Тожикистон ахборот воситаларида конституцияга киритиладиган ўзгартиришлар эълон қилинган. У ерда биронта жиддий нарса йўқ.

Масалан, ҳозиргача камида 35 ёшда бўлган одам Тожикистон президенти бўлоларди, энди 30 ҳам етарли бўлади. Парламентга сайланиш учун 25 ёшга тўлиш керак эди, энди 30 ёш лозим. Турли даражадаги судьялар қайси ёшдан бошлаб ишга тайинланиши ҳам белгиланган.

Ирқий, миллий, ижтимоий ва диний душманликни пропаганда қилувчи, конституцион тузумни куч билан ўзгартиришга ва қуролли гуруҳлар тузишга чақирувчи жамоат ташкилотлари ва сиёсий партиялар тузиш тақиқланиши ҳам Конституцияга киритилармиш. Наҳотки, ҳозиргача шундай нарса Конституцияда бўлмаган?

Нима бўлса ҳам, Имомали Раҳмон шундай ўзгартиришлар киритишга қарор қилдими, демак, халқ бир овоздан уларни тасдиқлайди. Бу кишини ўзига умрбод президент қилишга “қарор қилган” халқдан бошқа нима кутиш мумкин. Нима ҳам дердик – “Яшасин тожикча масхарабозлик, эй, кечирасиз, демократия!”