12 May 2016
20:20 - Жомбойлик йигит Тошкентда милицияга террорчилик ҳақида ёлғон хабар берди
Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги нашрларининг ёзишича, Тошкентда вақтинчалик ижарада яшовчи жомбойлик Х.Ҳошимжон ширкайф ҳолатда Тошкент шаҳар ИИББнинг навбатчилик қисмига Чорсуда террочилик хуружи тайёрланаётгани хусусида хабар берган. Жомбойлик йигитнинг таъкидича, “Чорсу” деҳқон бозори атрофида русуми ва давлат рақами аниқ бўлган енгил автомашинада ҳижобга ўранган шубҳали бир аёл ва уч эркак ўқотар қуролга ўхшаш нарса билан юрган.

Мазкур ёлғон хабардан сўнг Олмазор тумани ИИБ тезкор отряди террорчиларни ушлашга жалб этилади. Аммо текширув ва суриштирувларда хабар берган шахс бозор атрофидан эмас, шаҳарнинг бошқа ҳудудидан қўнғироқ қилгани, бошқа рақамли телефондан фойдалангани аниқланган. Молиявий ҳисоб-китобларда ички ишлар идоралари ходимларини жалб этиш ва тадбирларни ўтказиш учун салкам 18 миллион сўм маблағ сарфланган. Давлатни 18 миллионга туширган Ҳошимжон жавобгарлик пулини тўлашдан ташқари қамоқда ҳам ўтириб чиқса керак.