11 May 2016
12:30 - Германияда мусулмон қочиқинлар устидан терроризмга алоқадор 40 та жиноий иш очилибди, мусулмонларга муносабат яна ҳам ёмонлашмайдими?
Немисларнинг Neue Osnabrücker Zeitung газетасига асосланиб тарқатилаётган хабарларга кўра, Германия прокуратураси мусулмон қочқинлар ичида террористик фаолият олиб боришга тайёрланаётганлар устидан 40 та жиноий иш очибди. Бу ишларнинг баъзилари полиция ўзи олиб бораётган кузатувлар асосида ўртага чиққан бўлса, баъзилари оддий Германия фуқароларининг 350 та мурожаатини текшириш асосида очилган.

Тўғри, дейилади хабарда, фуқароларнинг баъзи мурожаатлари мусулмонларга нисбатан кучайиб бораётган салбий кайфият, яъни ксенофобия таъсирида содир бўлган. Аммо, очилган 40 та жиноий иш анчагина жиддий факт ва маълумотларга асосланган.

Инглизларнинг The Telegraph агентлиги эса, ИШИДга алоқаси бор бўлган террористик гуруҳлар Европада терактлар уюштириш учун қочқинларга қўшилиб Европага келаётганини исботловчи маълумотлар кўпайиб бораётганини ёзмоқда. Италияда афғон ва покистонликлардан иборат бир неча шундай гуруҳ қўлга олинган, баъзилари келган мамлакатларига қочиб улгуришган. Табиий, ҳали қўлга тушмаган, вақти келиб терактлар уюштиришга улгурадиган гуруҳлар борлиги ҳам аниқ.

Бу хабарлар мусулмон қочқинлар ва умуман мусулмон муҳожирларга нисбатан салбий кайфиятни янада кучайтириши ҳам ўз-ўзидан маълум. Шундай экан, мусулмонларнинг ўзи, биринчи навбатда Ислом уламолари Ислом дунёсининг ва оддий мусулмонларнинг тақдири ҳақида ўйлашлари, бундай кайфиятга асос бўлаётган ислом терроризмини тўхтатиш учун нималардир қилишлари керак.

Акс ҳолда, шунда кун келадики, бутун ғарбликлар ҳозир АҚШ президентлигига номзод бўлиш учун курашаётган ва кўринишидан ўз мақсадига эришадиган Доналд Трампдан ўрнак олиб, мусулмонларни ўз мамлакатларига келтирмаслик учун тадбирлар олишга, ҳатто мусулмонларни ўз юртларидан ҳайдаб чиқаришга бошлайдилар.