08 May 2016
19:21 - Европа бугун, 8 майда Ғалаба Куни ҳамда Хотира ва Келишув Кунини нишонламоқда, Ўзбекистон эртага Хотира ва Қадрлаш Кунини нишонлайди

Гитлер Германияси таслим бўлиш ҳужжатини 1945 йил 8 майда имзолаган. Шундай экан, аслида, Ғалаба Куни айнан 8 май бўлиши керак эди. Аммо, Сталин Ғалаба Куни деб 9 майни тасдиқлади. Одам кайф устида нималар қилмайди.

Шунга ўхшаш воқеа Ўзбекистонда ҳам бўлганини эслаш керак. СССРнинг Конституциясига кўра, тузилганидан бери мустақил бўлган ва мустақил давлат сифатида Совет Иттифоқига кирган Ўзбекистон 1991 йил 31 август куни яна мустақиллик эълон қилиши мантиқсизлик бўлганди. Аммо шундай мустақилликни 31 августда эълон қилиб, Мустақиллик Куни сифатида 1 сентябрни нишонлаш ҳам яна бир мантиқсизлик эмасми?

Аввалги мавзуга қайтсак, Совет замонида 9 май Улуғ Ватан Урушидаги Ғалаба Куни сифатида нишонланар эди. Энди бу куннинг номини бизда, яъни Ўзбекистонда “Хотира ва Қадрлаш Куни”га алмаштиришган. Шу билан кимнинг шохи чиқди, тушуниш қийин.

Бундай таклиф Ислом Каримдан чиққани ҳар қадамда қайтарилади. Аммо, 8 май Европада узоқ йиллардан бери БМТнинг қарори билан Хотира ва Келишув Куни сифатида нишонланиб келарди. Ислом Каримнинг ўзи ҳам буни билмаган ва маслаҳатчиларидан бири ўзини кўрсатиш мақсадида Хотира ва Келишув Куни номини бироз ўзгартириб хўжайинига янги ном сифатида таклиф қилган бўлса керак. Ҳеч нарсадан хабари йўқ “хўжайин”, табиий, бу “гўзал” таклифни ўзиники қилиб ўзбекларга тиқиштирган. Хуллас, яна бир масхарабозлик.