05 May 2016
14:46 - Арманистон Тоғли Қорабоғнинг мустақиллигини тан олдими?

Баъзи ахборот воситалари Арманистон ўзи тарафидан Арцах Республикаси деб аталаётган, аслида Озорбайжоннинг бир парчаси бўлиб, СССР парчаланиб кетаётган пайтда ўзини мустақил деб эълон қилган Тоғли Қорабоғнинг мустақиллигини тан олганини хабар қилдилар. Аслида, воқеа бошқачароқ.

Рус тилида ҳам ишлайдиган арманиларнинг news.am сайти хабар қилишича, бугун 5 май куни Арманистон ҳукумати мамлакат парламентининг 2 депутати томонидан тайёрланган ва Арцах Республикасининг мустақиллигини тан оладиган қонун лойиҳасини маъқуллабди. Қонун лойиҳаси ҳали парламентда кўриб чиқилса ва у ерда тасдиқлансагина, Арцах Республикасининг мустақиллиги расман тан олинган бўлади.

Маълумки, Арманистон бу минтақанинг мустақиллигини аллақачон феълан тан олиб, уни ўзига феълан қўшиб ҳам олган. Аммо, ҳозирча, буни расмийлаштирмаса керак. Арманистон ҳукуматининг ҳозирги мақсади – озорбайжонларнинг жиғига тегиш ва шу кунларда Тоғли Қорабоғ туфайли бўлаётган урушда биринчи марта Озорбайжоннинг қўли баланд бўлишга бошлагангига қарши шунақа ҳужум билан жавоб бериш бўлган.

Аслида, Тоғли Қорабоғ муаммосини тинч йўллар билан ҳал қилиб бўлмайди. Демак, уруш давом этаверади. Арманистоннинг бош иттифоқчиси бўлган Россия заифлашгани сари Озорбайжоннинг қўли баландлашиб бораверади.

Ҳозирча эса, номигагина эълон қилинган оташкес бўйича келишув расман равом этаётган бўлса ҳам, амалда пала-партиш уруш давом этомоқда ва давом этаверади.

news.am сайтидаги хабарга илова қилинган расмдаги бино Арманистон ҳукуматиники бўлса керак.