01 May 2016
12:07 - Москвада бугун иккита байрам: православлар Пасхаси ва сал кам атеистларнинг Халқаро меҳнаткашлар бирдамлиги куни
30 апрелдан 1 майга ўтар кечаси насронийларнинг руслар ҳам ичида бўлган православ оқими чормихланиб ўлдирилган Исо пайғамбарнинг тирилиш ва отаси Худонинг олдига учиб кетиш куни бўлган Пасхани нишонладилар. Пасха ҳали ҳам дин тарафидан ишлатиладиган ой-қуёш каландари бўйича нишоналаниши сабабли, ҳозир амалда бўлган григорян календари бўйича ҳар йили турли кунларга тўғри келади.

Бугун у 1 майга тўғри келишининг қизиқ тарафи шундаки, айнан бугун бир маҳаллар сал кам атеист ҳисобланадиган сўлчи сиёсий ҳаракатлар тарафидан киритилган, СССР пайтида асосий байрамлардан бири ҳисобланадиган Халқаро меҳнаткашлар бирдамлиги куни ҳам нишонланади.

Бугун Россияда ҳамма черковларда ўтказилган Пасха тадбирларига 4 миллион одам қатнашгани хабарларда айтилмоқда. Москвадаги Нажоткор Ибодатхонаси (Храм Спасителя) номли бош черковда Москва ва Бутун Русия патриархи Кирилл (расмда) раҳбарлигида ўтказилган маросимга Россия Президенти Владимир Путин якка ўзи, Бош вазир Дмитрий Медведев хотини билан бирга ва Москва ҳокими Сергей Собянин қатнашибди.

Эрталаб эса, Халқаро меҳнаткашлар бирдамлиги кунини нишонловчиларнинг турли колонналари Москванинг турли кўчалари бўйлаб юриб, кейин Қизил Майдондан ўтдилар. Қизил Майдондан ўтишда намойишчиларнинг биринчи қаторида Москва ҳокими Сергей Собянин ҳам бор экан.

Москвадаги 1 май намойишчиларнинг сони 100 минг бўлибди. Совет замонида СССРнинг ҳамма шаҳарларида миллионлаб одам иштирок этадиган бу намойишга ҳозир катта қизиқиш йўқ. Лекин у кўп жойларда ўтказилган бўлса керак. Хабарларда бутун Россия бўйича тартибни сақлаш учун 120 минг полициячи жалб қилингани айтилмоқда, холос.