30 April 2016
12:35 - Давлатлараро масхарабозлик: Тожикистонда насл-насабни русча шаклда кўрсатмаслик қонунлаштирилмабди, тавсия қилинибди. Ўзбеклар нима қилишади?

Шу йил 19 март куни эълон қилинган “Тожикистонда чақалоқларга ёт исмларни қўйиш тақиқланди, Ўзбекистонда ҳам тақиқланиши керакми?” номли хабаримизда бу мамлакат президенти Имомали Раҳмон “Оила кодекси”га тегишли ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги фармони билан дунёга келаётган тожик болаларига миллий маданиятга ёт исмлар қўйишни, боланинг насл-насабини кўрсатиш учун русларнинг “-ов” ва “-ич” сингари қўшимчаларидан фойдаланишни, қариндошлар ўртасидаги никоҳларни тақиқлаганини билдирган эдик.

Ўша кунлари ортиқча эътибор ҳам берилмаган бу янгилик атрофида ҳозир Россияда шов-шувлар кўтарилибди. Давлат Думасида кимлардир тожикларнинг бу қадамига қарши қадамлар қилиш, масалан, тожикистонликларга Россияга кириш учун виза талаби киритиш кераклигини гапирибди. Тахмин қилиш қийин эмаски, руслар бундан ҳам жиддиройроқ қадамлар қилишлари мумкин. Чунки, собиқ колонизаторларга бугунги вассаларининг бундай ишлари ёқмаслиги табиийдир.

Хуллас, бундай шов-шувдан кейин, Тожикистон Адлия вазирлигининг Фуқаролик Ҳолатларини Рўйхатга Олиш Бошқармаси раҳбари ўринбосари Жалолиддин Раҳимов баёнот бериб, ҳеч нарса тақиқланмагани, бу фақат тавсия эканлигини айтиб, бу қонун бошқа миллат вакилларига оид эмаслигини ҳам урғулабди.

Ўзбекистонда ҳам шундай тақиқ ёки тавсиялар киритиш керакми? Ўзбекларда миллий ғурур уйғониб, бундай ишларни ўзлари қилишга бошламаслар, балки, киритиш ҳам керакдир. Аммо, ҳозирча, “Бирлик” лидери Абдураҳим Пўлатнинг сайтимизда эълон қилинган хотиралардан бир неча сатрни эслатмоқчимиз.

1989 йил 14 декабрда Абдураҳим Пўлат қиз кўрганда, у туғилиш гувоҳномаси берувчи ЗАГС ташкилотидан қизининг исми-шарифини “Сайёра Абдраҳимовна Пўлатова” эмас, “Сайёра Абдураҳим қизи Пўлат” деб кўрсатишни талаб қилган. Анча тортишувлардан кейин, “Бирлик”нинг ўзбек тилини давлат тили қилиш талаби билан ўтказилаётган митингларда ҳам иштирок этгани, аммо митинг минбаридан узоқда тургани сабабли Абдураҳим Пўлатни дарҳол таний олмаганини тан олган ЗАГС ходими, ёшгина ўзбек аёли, шундай деган экан: Мавжуд инструкциялар бўйича қизингизнинг фамилиясини отасининг, яъни Сизнинг расмий фамилиянгиздек ёзишга мажбурман. Аммо, инструкцияларни Сиз учун бироз бузаман ва унинг исми-шарифини “Сайёра Абдураҳимовна Пўлатова” эмас, “Сайёра Абдураҳим қизи Пўлатова” деб ёзиб бераман.

Абдураҳим Пўлат бунга рози бўлгач, балки, Ўзбекистон тарихида биринчи марта янги туғилган чақалоқнинг исми-шарифи туғилиш гувоҳномасига “Сайёра Абдураҳим қизи Пўлатова” деб ёзилган.