27 April 2016
09:12 - Лазер нури орқали учувчига халақит берган одам бир неча йилга қамалади, аслида, жазо бундан ҳам қаттиқроқ бўлиши керак
Ўзбекистон Республикасининг Жиноий ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига киритилган ўзгартиришларга кўра, лазер нури билан самолёт учувчиларига ердан туриб халақит берган шахс қамалиши мумкин. Ўзбекистон Миллий қонунчилик порталига мувофиқ, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 116-1 “Ҳаво кемаси эксплуатацияси чоғида лазер нури билан халақит бериш” моддаси билан тўлдирилди. Шунингдек, Жиноий кодексга янги киритилган 263-1 моддасига кўра, бундай ҳаракатни содир этган шахс 2 йиллик ахлоқ тузатиш ишларига ёки 3 ойлик ҳибсга тортилади.

Агарда лазер нури билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик ўлим ҳолатига олиб келса, 3 йиллик ахлоқ тузатиш ишлари ёки 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш кўзда тутилган. Ҳуқуқбузарлик инсонларнинг қурбон бўлишига, авиаҳалокатга олиб келса, жавобгар 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум этилади. Аслида, дейди мухбиримиз, бундай жиноятлар учун олий жазо қўлланиши керак.

Сўнгги икки йилда Ўзбекистонда лазер нурларининг самолётга тўғриланиши билан боғлиқ 16 ҳолат кузатилган. Ҳолбуки, 2013 йил 1 мартидан лазерли кўрсаткич сифатида қўлланадиган портатив лазер ёриткичларини мамлакатга олиб кириш тақиқланганди.