25 April 2016
23:07 - Ҳақиқий ўзбекча масхарабозлик: Тошкентда матбуот эркинлигига бағишланган медиа кунлар бошланди. Матбуот жиловланган мамлакатда бундан не наф?
Бугун Тошкентда 3 май - Жаҳон Матбуот Эркинлиги Кунига бағишланган медиа кунлар бошланди. Ўзбекистон Миллий Ахборот Агентлиги хабарига кўра, бугун илк тадбир бўлиб ўтди ва уни Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларни ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси ташкил қилган. Шунингдек, ташкилотчилар орасида Мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори, немисларнинг К.Аденауэр номидаги жамғармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси ва ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳам бор.

“ОАВ ижтимоий мулоқот, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлашнинг муҳим воситаси сифатида» мавзуида ўтказиладиган халқаро конференция медиа кунлар жадвалидаги муҳим тадбирлардан биридир. Конференциянинг шуъба йиғилишларида фуқароларнинг ахборот олиш бўйича конституциявий ҳуқуқини таъминлаш, ҳокимият ва бошқарув органларининг қабул қилинадиган қарорлар учун масъулиятини ошириш, давлат органлари фаолиятининг очиқ ва ошкоралигини таъминлашга қаратилган ижтимоий медиа-контентни шакллантиришда ОАВни рағбатлантириш ва бошқа масалалар кўриб чиқилади. Шуъбалар иши якунида Ўзбекистон Республикасининг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонунини амалга оширишда оммавий ахборот воситаларининг роли ва аҳамиятини кучайтиришга доир таклифлар ишлаб чиқилади.
Медиа кунлар доирасида, шунингдек, электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси нодавлат телерадиостанцияларнинг рақамли кўрсатув ва эшиттиришларга ўтиши бўйича лойиҳани тақдим этади ҳамда “Журналистлар баҳори” фестивали бўлиб ўтади”, деб ёзмоқда маҳаллий нашрлар.

Маълумки, ҳар йили 3 майда дунёнинг юздан ортиқ давлатида БМТ Бош ассамблеяси томонидан 1993 йилда эълон қилинган Жаҳон Матбуот Эркинлиги Куни нишонланади.

Аммо, эслатиб ўтиш керак, машҳур Freedom House ташкилотининг Дунё мамлакатлари эркинлик рўйхатида Ўзбекистонга рўйхат охиридан 2-чи ўрин берилган, охирги ўрин Сомалия давлатида. Эркинликлар бўйича дунёда Сомалиядан бошқа ҳаммадан орқада турган Ўзбекистонгда қанақа матбуот эркинлиги тўғрисида гапириш мумкин? Ҳеч қанақа.

Агар матбуот эркинлиги бўйича рўйхат тузилса, ҳеч шубҳасиз, Ўзбекистонимиз рўйхатнинг охиридан биринчи ўринни олади. ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори ҳамда немисларнинг К.Аденауэр номидаги жамғарма ташкилоти ва шу кабиларга бор ҳақиқтни тушунтириб, уларнинг кўзини очиш - ўзбек демократлари ва ҳуқуқ ҳимоячиларининг вазифасидир.

Расмда - Жаҳон Матбуот Эркинлиги Кунининг символи.