20 April 2016
18:17 - Уруш фахрийларига 800 минг сўмдан пул мукофотлари берилади
Президентнинг куни кеча имзолаган фармонига кўра, Ўзбекистонда Иккинчи жаҳон уруши фахрийларига давлат бюджети ҳисобидан 800 минг сўмдан пул мукофоти берилади. Шунингдек, фармонда 9 май умумхалқ байрами – Хотира ва қадрлаш куни ўтказилиши ҳамда Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган Ғалабанинг 71 йиллиги кенг нишонланиши таъкидланган.

Фармонда: “Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати Молия вазирлиги ва Марказий банк билан биргаликда 1941-1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига ушбу пул мукофотининг тантанали ва байрамона вазиятда топширилишини таъминласин”, дейилган.

“Нуроний” жамғармаси маълумотларига кўра, бугунги кунда мамлакатда 3108 нафар уруш қатнашчиси яшамоқда.