15 April 2016
18:36 - Ислом Карим мардикорлар ҳақидаги Озодбек Назарбековнинг қўшиғини эшитса, уни “оқ” қилса керак

Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков Россияга ишлашга кетган муҳожирлар қисмати ҳақида қўшиқ куйлади. Қўшиқда нон излаб кетган юртошдларимизнинг оила аъзоларини соғинчи, уларнинг ғариб аҳволи тилга олинади. Ҳозирда интернетда оммалашиб бораётган бу қўшиқ президент Ислом Каримнинг эътиборига тушса, у Озодбекни йўқ қилиши аниқ. Камида Шерали Жўра каби саҳнадан отилиши мумкин бўлган хонанда ўзи билиб-билмай Ислом Каримнинг 3 йил аввал Жиззахда айтган гапларига қарши чиқиб қўйибди. Ўшанда Ислом Карим Россияда нон излаб юрганлар Ўзбекистонни ва ўзини шарманда қилаётганларини тилга олганди.

Озодбек Назарбеков қўшиғи хусусида матбуотга интервью бериб, икки йил аввал Сурхондарёга борганида, бир онахон “Ўтган йили Россияда концерт бергандингиз. Ёдингиздами, ўғлим менга қўнғироқ қилганида, Сиз ҳам менга салом йўллаган эдингиз. Бир йил бўлдики, дараги йўқ. Яна Россияга борсангиз, ўғлимга соғинганимни айтинг”, деганини ва шундан сўнг ўзга юртда юрган ватандошларимиз номидан оналаримизга атаб қўшиқ куйлаш ғояси туғилганини айтганди. Мана ниҳоят у ўша ваъдасини бажарибди.

“Хонанда “Алло, Она” номли қўшиғини куйлаб, мухлисларнинг кўзини ёшлатган. Экранда кўрсатилган муҳожирларнинг ҳаёти тасвири эса томошабин юрагини ўртагани ҳам шубҳасиз”, — деб ёзади бу ҳақда “Даракчи” газетаси.