15 April 2016
12:43 - Кеча Путин ўз халқи билан ўтказган йиллик жонли мулоқоти ҳақиқатда қизиқ бўлди, энди ўрислар қизиқиш билан кейинги йил мулоқотини кутадилар

Россия Президенти Владимир Путин йиллардан бери ҳар йили бир марта россияликлар билан жонли мулоқот қилади, яъни бу анъанага айланган тадбир. Бу йил 3 соатдан кўпроқ бўлган мулоқот пайтида 80 млн (!!!) савол келибди. Табиий, Путин уларнинг ҳаммасига жавоб беролмасди, бермаган ҳам. У бор-йўғи 80 та саволга жавоб берди. Яна табиийки, бу 80 та аввалдан таёрланган савол аввалдан тайрланган одамлар тарафидан ўқиб берилган.

Саволларда дунёда ва Россияда бўлаётган ҳамма муҳим воқеалар тилга олинган. Нафақат ҳамма россияликлар, ҳатто бошқалар ҳам муҳим воқеалар бўйича Россиядек давлат президентининг гапларини эшитишни исташи турган гап.

Бу йилги жонли мулоқот ҳамма учун жуда қизиқ бўлганини тан олиш лозим, дейди мухбиримиз. Унинг қизиқлиги шундаки, ҳамма Путиндан ҳеч бўлмаса биронта сенсацион гап кутди ва жонли мулоқотни телеэкрандан кўзини узмасдан томаша қилди.

Аммо, ҳеч нарса бўлмади. Путин ўзини Россия ва русларнинг манфаатларини ҳамма нарсадан юқори қўядиган инсон, айни замонда, дунё миқёсида адолатпарвар ва тинчликсевар сиёсатчи эканлигини кўрсатиш мақсадида аввалдан кўп марта айтилган, ҳамманинг жонига теккан қуруқ гап ва фикрларини, тўғрироғи, сафсаталарини қайтарди. У 21 асрнинг янги чақириқларини тушунмаслигини ҳам намойиш қилди.

Демак, энди ўрислар қизиқиш билан кейинги йилнинг фойдасиз жонли мулоқотини кутишга мажбурлар.