13 April 2016
17:11 - Ислом Ҳамкорлик Ташкилотининг XIII Саммити Истанбулда ҳали бошлангани йўқ, аммо Нурсултон Назарбой Ражаб Эрдўғон билан учрашиб бўлди ва лақиллатилди
Аввалги хабарларимдан бирида 13-14 апрель кунлари Туркияда Ислом Ҳамкорлик Ташкилотининг XIII Саммити бўлишини билдирар экан, Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбой у ерга боришни режалаштиргани ва Туркия Президенти Ражаб Эрдўғон билан учрашиши ҳам маълумлигини таъкидлаган эдик. Ҳозир Истанбулда пешин соатларидан ўтилди. Саммит бошлангани ҳақида ҳали хабарлар тарқатилмади. Аммо, давлатнинг расмий Анадолу Агентлиги бу икки президент учрашиб бўлганини хабар қилди.

Қисқа хабарда айтилишича, Ражаб Эрдўғон ва Нурсултон Назарбой Ислом Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатларга қаратилган қўшма баёнот матнини тайёрлабдилар. Баёнотнинг асосий фикри қуйидагича экан: “Ислом Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатларнинг Ислом Дунёси билан муносабатларини ривожлантириш учун янги парадигма ишлаб чиқишни таклиф қиламиз.”

Парадигма – маълум бир муносабатларнинг ҳар томонлама асосланган ва ҳамма тарфидан қабул қилинган асосларидир. Демак, Ражаб Эрдўғон ва Нурсултон Назарбой ўзларича Ислом Дунёси ва унинг келажаги билан боғлиқ муҳим таклифни ўртага отмоқдалар, дейди мухбиримиз.

Аммо, Ислом динига кўра, давлатлар исломий бўлиши ва Халифаликка бирлашиши кераклигини ҳисобга олсак, Туркия ва Қозоғистон раҳбарлари ишлаб чиқишни таклиф қилаётган парадигма ҳамма исломий давлатларни исломлаштириш ва Халифаликка бирлаштирииш йўналишидагина бўлиши мумкин. Яъни, унда ҳеч қанақа янги нарса бўлмайди, Ислом динининг ҳозирги аҳволини ҳисобга олсак, бўлиши ҳам мумкин эмас. Ислом дини "Бирлик" лидери Абдураҳим Пўлат таклиф қилаётгандек дунёвийлик/секуляризм принципини қабул қилса, айнан унга асосланган янги парадигмалар ҳақида гапириш мумкин бўлади.

Ражаб Эрдўғон Ислом дининг ҳозир қабул қилинган хато тушунчалари доирасида яшайдиган, Нурсултон Назарбой эса, Ислом дини ва унинг фундаментал масалаларини тушунмайдиган одам. Шундай экан, Туркия Президенти сал кам атеист бўлган қозоғистонлик ҳамкасбини лақиллатаётганини гапириш мумкин.