04 April 2016
21:40 - Рақамлар шундай ойнаки, у Ислом Карим режимининг ҳақиқий башарасини кўрсатди

АҚШнинг Global Finance Magazine нашри эълон қилган “Дунёнинг бой давлатлари” рейтингида Ўзбекистон 127-чи ўринни эгаллади. Рўйхатнинг 185 давлат миқёсида ўтказилганини инобатга олсак, Ўзбекистондаги аҳволнинг нақадар аянчли эканини кўрамиз. Бу борада қўшнимиз Қозоғистон 50-чи ўринда, Туркманистон ҳам биздан қарийб икки баравар олдинда, яъни 77-чи ўринда! Ялпи Ички Маҳсулот (ЯИМ) аҳоли жон бошига 2,4 минг доллардан тўғри келиши айтиладиган Ўзбекистонга ташкилотчилар тағинам ён босган кўринади.

Рейтинг Жаҳон Банки ва Халқаро Валюта Жамғармаси маълумотлари асосида тузилган бўлиб, унда аҳолининг харид қуввати, фаровонлик даражаси ва мамлакатдаги инфляция кўрсаткичи ҳисобга олинган. Дунёнинг энг бой давлати сифатида Қатар қўйилган. Қатарда Ялпи Ички Маҳсулот аҳоли жон бошига 146 минг доллардан тўғри келаркан.

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон ва Туркманистонда аҳоли жон бошига ЯИМ – 14 минг ва 6,5 минг доллар, Ўзбекистонда 2,4 минг доллар.