04 April 2016
17:17 - Озорбайжон-Арманистон урушида биринчи марта озорбайжонларнинг қўли баланд келаётганга ўхшайди
Гап СССР замонида Озорбайжон таркибида бўлган Тоғли-қорабоғ мухтор вилоятига эгалик қилиш учун СССРнинг охирги ойларида бошланган озорбайжон-арман уруши ҳақида кетмоқда.

Бу мухтор вилоятнинг миллий таркиби ҳақида қарама-қарши фикрлар кўп. Ҳатто энциклопедияларда 19 асрда бу ерда озорбайжонлар кўп бўлгани, аммо 1923 йилдаги аҳоли рўйхатга олинганда арманилар 94 фоиз, озорбайжонлар 6 фоиз чиққани айтилади. 1989 йили эса, арманилар 76,9 фоиз, озорбайжонлар 21,5 фоиз бўлибди.

СССР парчаланиши арафасида Тоғли-қорабоғ арманилари Арманистонга қўшилиш учун кураш бошладилар. Табиий, бу кураш Арманистон тарафидан ярим яширин, ярим очиқча қўллаб-қуввватланди. СССР парчалангандан кейин ҳақиқий озорбайжон-арман уруши бошланди. 1993 йилнинг июнь ойида бу вилоятда арманилар билан уруш олиб бораётган Озорбайжон қўшинларининг бошлиғи, Озорбайжон Халқ Фронтининг фаоли Сурет Гесейнов Озорбайжон Президенти, айни замонда, Озорбайжон Халқ Фронтининг лидери Абулфайз Элчибейга қарши исён бошлади ва ўз қўли остидаги қўшинларни Тоғли-Қораброғни ташлаб, Элчибейни йиқитиш учун Бокуга қараб олиб кетди.

Элчибей ўзи туғилиб ўсган Озорбайжон таркибидаги Нахичеван Мухтор Республикасига қочиб кетди. Бокудаги ҳокимиятга Нахичеван Мухтор Республикасининг раҳбари бўлган собиқ КГБчи Ҳайдар Алиев олиб келинди. Ҳокимият Озорбайжон Халқ Фронтининг қўлидан кетди. Ҳайдар Алиев ўзини ҳокимиятга келишида асосий роль ўйнаган Сурет Гесейновни Бош вазир этиб тайинлатди. Кейин уларнинг ҳам оралари бузилди, Сурет Гесейнов қамоққа ташланди.

Бокуда бу воқеалар давом этар экан, Арманистон бундан фойдаланиб, нафақат Тоғли-Қораброғни, балки Озорбайжоннинг Нахичевандан бошқа ҳама ғарбий қисмини, яъни Озорбойжан ҳудудларининг 20 фоизини бутунлай босиб олди.

Кейинчалик Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг ташаббуси билан озорбайжон-арман уруши тўхтатилди, ЕХҲТ воситачилигида муаммони тинч йўллар билан ҳал этиш жараёни бошланди. Аслида, ўша пайтдаёқ ўзини мустақил деб эълон қилган Тоғли-Бадахшон Республикаси феълан Арманистонга қўшиб олинди. ЕХҲТ ҳам, бутун Ғарб ҳам, энг муҳими, Россия ҳам, очиқча айтмаслар ҳам, аслида бу конфликтда Арманистон тарафида бўлдилар. Орада майда-чуйда жанглар бўлиб турса ҳам, расман тинчлик шартномаси доирасида 1993 йилдан бери озорбайжон-армани уруши бўлмади. На Ҳайдар Алиев, на унинг ўрнини эгаллаган ўғли Илҳом Алиев босиб олинган ерларини қайтариб болиш учун учун ҳеч нарса қилмадилар ҳисоб.

Аммо, шу кунларда Тоғли-қорабоғ атрофида ҳақиқий уруш бошланди. Икки тараф ҳам қарши тарафда ҳалок бўлганларнинг сонини катта қилиб, ўзларидан ҳалок бўлганларнинг сонини кичикна қилиб кўрсатмоқда. Бироқ, кўринишидан бу урушда озорбайжонларнинг қўли балан келмоқда. Улар 23 йилдан бери биринчи марта баъзи ҳудудларни арманилардан қайтариб олганлар.

ЕИ, АҚШ, Россия ва ҳатто Гуржистон бўлаётган урушдан хавотирда эканликларини гапирмоқдалар. Ҳозирча гапдан бошқа ҳеч нарса йўқ ҳам. БМТ вакилларининг айтишича, сўнги кунлардаги жанларда икки тарафдан ҳаммаси бўлиб 23 киши ҳалок бўлган. Бу рақамга ҳам ишоний қийин.

Нима бўлганда ҳам, Озорбайжон босиб олинган ҳудудларини қайтариб олишга ҳаққи бор, вақти келади, айнан шундай бўлади ҳам.