02 April 2016
05:41 - Вашингтонда 4-чи Ядровий Хавфсизлик Саммити масхарабозларча бошланиб, масхарабозларча тамом бўлди

31 март – 1 апрель кунлари Вашингтонда 4-чи Ядровий Хавфсизлик Саммити бўлиши ҳақида “Ҳаракат” Агентлиги аввал хабар берар экан, шундай таҳлил ҳам берган эди: “Жуда кўп халқаро анжуманлар каби, бу саммит ҳам асосий мавзу бўйича жиддий масалаларни муҳокама қилгани, жиддий қарорлар қабул қилгани маълум эмас. “Бола баҳона – дийдор ғанимат” деганларидек, бу саммит доирасида турли мамлакатларнинг лидерлари ўзаро муносабатларига оид масалаларни гаплашиб олишарди.”

Бу сафар ҳам шундай бўлди. АҚШ ахборот воситалари бу саммит бўлиб ўтганини у ердаги Барак Обаманинг нутқи туфайлигина эсладилар. Саммит фақат 1 апрелда бир неча соатгина бўлди. У ерда Барак Обамадан бошқа биронта лидер нутқ сўзлагани ҳам тилга олингани йўқ.

АҚШдек буюк давлатнинг Президенти Барак Обама эса, саммит очилишидаги нутқида ИШИДчиларни назарда тутиб, “Бу ақлсизларнинг қўлига ядровий қурол тушиб қолса, улар жуда кўп бегуноҳ одамларни ўлдиришга тайёрлар” деган сўзлари билангина эсда қолди.

АҚШнинг ахборот воситалари бу йил бўладиган президентлик сайловлари атрофидаги номзодлараро жанжалларни ёритиш билан овора эканлар, 4-чи Ядровий Хавфсизлик Саммитга келган 50 мамлакатнинг лидерларидан қайси бирлари билан Барак Обама учрашганини ҳам тилга олганлари йўқ.

Туркия ахборот воситалари кеча Вашингтонда эмас, Нью-Йоркдаги Бруклин институтида ўтказитлган қандайдир йиғилишда нутқ сўзлаган Туркия Президенти Ражаб Эрдўғон атрофидаги воқеаларни ёритиш билан овора бўлдилар. Хабарларга кўра, Эрдўғоннинг қўримачилари бу йиғилишга келган Фатхулла Гулен тарафдори журналистларни ҳайдаб чиқаришга ҳаракат қилганлар. Баъзиларини ҳайдашга эришишган ҳам. Кўринишидан Фатхулла Гулен тарафдори бўлган бу институт раҳбарлари йиғилишни бекор қилишмоқчи бўлганлар, аммо нимадандир қўрқиб, бундай қадам қилишга журъат этмаганлар.

АҚШ вице-президенти Жо Байден расмиятчилик учунгина Туркия ва Озорбайжон президентлари билан мемонлар турган меҳмонхонада учрашиб кетгани эса, хабарга ҳам арзимайдиган воқеалардир.

Қозоғистон ахборот воситалари эса, ўз президентлари Нурсултон Назарбой саммит доирасида ким билан қўл бериб кўришган бўлса, у билан суҳбат бўлганини мадҳ қилиш билан оворалар.

Хуллас, шунақа гаплар. 50 мамлакатининг лидерлари бир ерга йиғилиб, масхарабозлик билан шуғулланадиган бўлсалар, бу дунёнинг келажаги қандай бўлиши катта шубҳалар остида қолади. Дунёда энг катта ядровий кучга эга бўлган Россия Президенти Владимир Путин бу саммитга келмай тўғри қилдими, деган савол туғилиши ҳам табиийдир.