01 April 2016
22:33 - Куласизми, йиғлайсизми? Ўзбекистон Сенатида прокуратурани назорат қилувчи комиссия тузилибди!! Яқинда сенаторларимизга арқон етишмай қолмайдими?
Ҳа, ҳақиқий ҳуқуқий давлатларда прокуратура органлари қонунчилик органи бўлган параментнинг назорати остида, демак, қонун назорати остида бўлиши керак. Парламентимизнинг юқори палатасида бу аксиомани эслаб қолганлари ва махсус комиссия тузганлари олқишланиши керак. Аммо қонун устивор бўлмаган, парламент режимбошининг қўғирчоғи бўлган Ўзбекистондек давлатнинг Сенатида қўлбола механизм - Сенат комиссияси тузилиши кулгидан бошқа нарса эмас.

Нимамиш, турли вилоятлардан сайланган 15 нафар сенатор эндиликда прокуратура устидан назоратни амалга оширар эмиш. Мазкур кашфиёт президент Ислом Каримга тегишли бўлиб, у ўтган йили Конституция байрамидаги чиқишида прокуратура органини танқид қилган ва шундан сўнг комиссияга “эҳтиёж сезилганди”.

Олий Мажлис Сенати матбуот хизматига кўра, комиссия прокуратура органлари фаолияти устидан парламент назоратини амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини янада такомиллаштириш, мамлакатда қонун устуворлиги ва қонунийликни таъминлаш бўйича прокуратура органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, жамият ва давлат манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш мақсадида тузилган.

Табиий, бу комиссия масхарабозликдан бошқа нарса бўлмаган орган бўлади ва қоғозда қолиб кетади, дейди мухбиримиз. Келинглар, ўзбеклар, Ислом Каримнинг бу ўйинини бузайлик. Ўзбекистон прокуратура органларнинг башарасини очиб берувчи турли хатлар оқимини уюштирайлик. Бу хатларга Сенатнинг комиссияси эътибор бермаса, у тарихга жиноятчилар гуруҳи сифатида киради. Ислом Карим режимининг кунлари яқинлашаётганини ҳисобга олсак, бу сенаторлар халқ олдида жавоб беришга мажбур бўладилар. Натижа нима бўлади дейсизми? Натижа аниқ – улар ўзларини осишга арқон қидириб қоладилар.