31 March 2016
17:40 - Сирдарё вилоятига тайинланган янги прокурор ҳеч нарса қилолмайди
Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг буйруғига асосан Шерзод Облоқулов Сирдарё вилояти прокурори этиб тайинланди. 35 яшар прокурор навоийлик бўлиб, у хизмат фаолиятини Навоий вилояти Конимех туман прокуратураси терговчи лавозимидан бошлаган. Шерзод Облоқулов 2007 йилдан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига ишга ўтиб, бошқарма прокурори ҳамда бошқарма катта прокурори лавозимларида ишлаган. 2011 йилдан Хатирчи туман прокурори, 2013 йилдан ҳозирги пайтгача Жиззах вилоят прокурорининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият юритган.

Бундан икки ҳафта аввал Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ихтиёр Абдуллаев Сирдарё вилоятига хизмат сафари уюштириб, вилоят прокурори Яхшибой Очилов ҳамда унинг икки ўринбосари, 4 та туман прокурорларини ишдан четлатганди. Бунга вилоятдаги қонунбузарлик кўрсаткичининг ўта юқорилиги, коррупция даражасининг сезиларли кўтарилгани сабаб бўлган.

Мамлакатнинг янги Бош прокурори Ихтиёр Абдуллаев ҳам, Сирдарёнинг янги прокурори Шерзод Облоқулов ҳам, ҳеч нарсани ўзгартирмайдилар, ўзгартиролмайдилар. Ўзгаришларга йўл очиш учун Ўзбекистонда демократик жараёнларга йўл бериш лозим.