30 March 2016
20:11 - Левада-центр: Россияликларнинг 82 фоизи Путиннинг ишидан хурсанд, руслар саросимадами?

Россияда турли сўровномалар ўтказиб, жамоатчиликнинг фикрини ўрганиш билан шуғулланадиган мустақил Левада-центр номли тадқиқод ташкилоти 25-28 март кунлари россияликлар мамлакат Президенти Владимир Путиннинг ишини қандай баҳолашлари ҳақидаги маълумотларни эълон қилди. Маълум бўлишича, россияликларнинг 82 фоизи Путиннинг фаолиятидан рози. Рози бўлмаганлар бор-йўғи 17%. Ўтган йили рози бўлганларнинг фоизи 85 бўлган экан. Ундан ҳам аввал бу рақам 90 га ҳам чиққан эди.

Бош вазир Дмитрий Медведевнинг ишидан рози бўлганлар 53 фоиз. Ўтган йили бундайлар 63 фоиз эди.

Ҳукуматнинг ишидан рози бўлганлар 48%, рози бўлмаганлар 51%. Ўтган йили ҳукуматнинг ишидан рози бўлганлар 59% бўлган экан. Давлат Думасининг ишидан рози бўлганлар бундан ҳам оз – 40%, рози бўлмаганлар 59%.

Левада-центр бундан олдинроқ ўтказган сўровнома натижаларига кўра, сўралганларнинг 60 фоизи Путин яна бир муддат президентликка сайланишини хоҳлашади.

Россия президентининг ишидан хурсанд бўлганларнинг фоизи ўтган йилгига қараганда 5 фоизга тушганлиги Левада-центр тарафидан таҳлил қилинмаган. Аммо, тахмин қилиш мумкинки, Ғарбнинг санкциялари остида Россиянинг иқтисодида жиддий тушиш борлиги оддий одамларнинг Путинга бўлган ишончини камайтириб бормоқда, дейди мухбиримиз.

Бу рақамлардан яна бир қизиқ нарсани кўриш мумкин. Маълумки, Россия ҳақиқий демократиядан анча узоқ бўлган мамлакат бўлиб, Путин бу ерда якка ҳумрон эканлигини ҳамма билади. Шундай экан, Путиннинг ишидан рози бўлганларнинг фоизи 82 бўлиб, унга мутлақо бўйсунадиган ҳукумат ва Давлат Думасидан рози бўлганларнинг фоизи бор-йўғи 48 ва 40 фоизлигини қандай тушуниш керак?

Бу нарса россияликлар саросима ичида эканлигининг кўрсатгичидир. Одамлар иқтисодий аҳволлари ёмонлашаётганидан норозилар, аммо Путиннинг шахсига сиғиниш касаллигидан ҳали қутилганлари йўқ.