29 March 2016
19:31 - ЕХҲТнинг амалдаги раиси Штайнмайер Тошкентга келади ва диктаторлик режимини рағбатлантиради

Эртага, 30 мартда Германия Ташқи ишлар вазири, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг амалдаги раиси Франк-Вальтер Штайнмайер Тошкентга келади. Ташриф давомида Франк-Вальтер Штайнмайер Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ва бошқа расмийлар билан учрашади. ЕХҲТ раисининг фуқаролик жамияти вакиллари билан учрашиши ҳақида бирор маълумот йўқ. Ҳолбуки, мазкур халқаро ташкилотнинг аввалги раҳбарлари доимий равишда фуқаролик жамияти вакиллари билан учрашиб келишган.

Ўзбекистон ТИВ баёнотида айтилишича, сўзлашувлар чоғида Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари, минтақавий ва халқаро долзарб масалалар муҳокама қилинади.

Маълумки, Германия демократик давлат бўлишига қарамасдан, унинг раҳбарлари ҳам, турли нодавлат ташкилотлари ҳам, ҳеч қачон Ўзбекистонда ҳукмронлик қилаётган ва жаҳоннинг энг нодемократик давлатларидан бири ҳисобланадиган Ислом Карим режимини жиддий танқид қилмаганлар, демократия тарафдорларини қўллаб-қувватламаганлар ва асосан бу режим билан ҳамкорлик қилиб келганлар. Франк-Вальтер Штайнмайер ҳам шундай дунё қарашдаги сиёсатчи эканлигига ҳеч қандай шубҳа йўқ. Унинг Ўзбекистонга ташрифи мавжуд режимни рағбатлантиришга хизмат қилиши ҳам шубҳасиз.