28 March 2016
15:45 - Ҳуқуқ ҳимоячиси Чўян Маматқуловнинг ҳаёти хавф остида!
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятининг бугун тарқатган 6-сонли релизида ана шу ҳақда гап боради. Маълум бўлишича, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти фаоли Чўян Маматқуловнинг ҳаёти хавф остида. Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ЖИЭББнинг Қорақалпоғистондаги 64/71-сонли Жаслиқ қамоқхонасида сақланаётган 46 яшар Чўян Маматқуловга орттирилган иммунитет танқислиги синдроми (ОИТС) юқтирилиши мумкин.
Гап шундаки, деб ёзади “Эзгулик”, ўтган йилнинг ёзида Навоийдаги 29-сонли колонияда Қорақалпоғистондаги Жаслиқ лагерига ўтказилган ҳуқуқ ҳимоячиси дермотологик касаллик билан хасталанган. Ҳуқуқ фаолини тери замбурғли қичима безовта қилмоқда. Икки кишилик камерада жазо муддатини ўтаётган Маматқуловнинг шериги СПИДга чалинган, бу эса ҳар қандай инфекцияни қабул қилишга тайёр қичимага чалинган ҳуқуқ фаоли учун муқаррар хавф деганидир.

Фуқаро Дилором Маманова тақдим қилган ҳужжатларни ўрганган ҳуқуқ ҳимоячиси ташкилотган кўра, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ижроия Кодекси талабларига зид равишда қамалганидан бери фуқаролар учун мўлжалланган умумий тартибдаги колонияда жазо муддатини ўтаб келаётган Ўзбекистон Қуролли кучларининг собиқ вакили ўтган йилнинг август ойида Жаслиққа келтирилган. Шу йилнинг 7 февраль санаси билан уйига мактуб ёзган ҳуқуқ фаоли аҳволининг оғирлиги, унга ОИТС хасталиги юқиши эҳтимоли мавжудлигини ёзган.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти вакиллари томонидан Маматқуловга тегишли жиноят иши ўрганилганида мавжуд қуонунчиликка кўра, у дарҳол Бекободдаги ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари собиқ ходимлари сақланадиган муассасага ўтказилиши лозимлиги маълум бўлди. Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг собиқ сержанти, Қашқадарё вилояти ИИБ Қўриқлаш бўлинмаси собиқ ходими ҳисобланган бу шахснинг Жаслиқ лагерига қамалиши мумкин эмас.

Эслатиб ўтамиз, Чўян Маматқулов 2013 йилнинг 8 февралида жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилоят суди томонидан мамлакат Жиноят Кодексининг 137-моддаси (Одам ўғирлаш) 138-моддаси (Зўрлик ишлатиб ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилиш), 159-моддаси (Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумига тажовуз қилиш), 168-моддаси (Фирибгарлик), 205-моддаси (Мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш), 228-моддаси (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш), 238-моддаси (Ёлғон гувоҳлик бериш) ва 244-моддаси 1-қисми (Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш ёки тарқатиш)да айбланиб, 10 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Ўзбекистон Республикаси Жиноят ижроия Кодекси талабларидан келиб чиқиб, Ўзбекистон ИИВнинг ЖИЭБББ маъмуриятини собиқ милиция ходими Чўян Мамақуловни Бекободдаги махсус колонияга ўтказишга ва унинг соғлиғи юзасидан жамоатчиликка изоҳ беришга чақирган.