26 March 2016
08:25 - САМАРҚАНДНИНГ ПАНЖОБИДА 61 НАФАР ЎСМИР ЎЗ ЖОНИГА ҚАСД ҚИЛДИ! (“Эзгулик” жамиятининг пресс-релизи - № 5, 23.03.2016)

Самарқанд шаҳри ва Ургут, Булунгур, Катта Қўрғон туманлари ва унинг атрофида 2016 йилнинг илк чорагида асосан йигит-қизлар ўртасида ўз жонига қасд қилиш бўйича 61 та ҳодиса қайд қилинган. Самарқандга айнан шу масала бўйича сафар қилган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси Васила Иноятова ҳолатни таассуф билан гапираркан, ўзининг ана шундай икки хонадонга фотиҳа қилиш учун кирганини таъкидлайди. Васила Иноятованинг айтишича, ана шу суиқасдларнинг аянчли жиҳати уларнинг аксарияти мактаб, лицей ва коллеж ўқувчилари ўртасида содир бўлаётганидир.

“Мен гаплашган хонадон эгалари фарзандларининг жанозасини шариятга зид бўлгани боис масжидларга ўқишга қабул қилишмаганини, уйларига имом ва домлаларни чақириб, жаноза ўқитишганини айтишди. Афсуски, мазкур воқеалар кўлами ва аҳамияти катталигига қарамай на ҳокимият, ва на ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларини қизиқтирмаяпти. Суиқасдларнинг бирортаси устидан жиноят иши қўзғатилмаган, уларнинг сабаб ва моҳияти ўрганилмаган ” дейди Васила Иноятова.

Ҳолбуки, “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги, “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги қонунлари ва 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёш¬ларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чо¬ра-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Қа¬рори талабларига асосан биргина Самарқанд вилоятида юзага келган мазкур вазият чуқур таҳлили қилиниши ҳамда тегишли чоралар кўрилиши лозим эди. Аммо шу пайтга қадар Самарқнад вилояти прокуратураси ҳузуридаги вояга етмаганлар бўйича идоралараро комиссия ёхуд давлат ҳокимяти органлари бу масалага эътибор қаратмади.

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг ёзишича, шу йилнинг 9 февралида Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов томонидан «Соғлом она ва бола йили» Давлат дастури тасдиқланган. Шу йили давлат дастурини амалга ошириш учун 7 триллион 483,3 миллиард сўм ва 194,4 миллион доллар йўналтирилган. Давлат бюджети, яъни халқ ҳамёнидан сарфланаётган мазкур маблағ ана шундай аянчли ҳодисаларнинг олдини олиш, уларнинг сабабларини ўрганишга қаратилган.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Самарқанд вилоятининг Панжоб мавзесида юзага келган ёшлар ўртасида ўз жонига қасд қилиш билан боғлиқ аянчли вазият юзасидан Республика Бош прокуратураси ҳузуридаги вояга етмаганлар бўйича комиссиясини жамоатчиликка дарҳол изоҳ беришга чақиради.