20 March 2016
19:48 - Туркия ва Европа Иттифоқи муҳожирлар масаласида келишишибди, ЕИ-Туркия муносабатлари янги савияга чиқариладиган бўлибди
Кеча Истанбулнинг юраги деса бўладиган Истиқлол кўчасидаги теракт сабабли, ундан олдин ҳамманинг диққат марказида бўлган мухожирлар масаласи бўйича ЕИ-Туркия музокаралари орқа планга ўтиб қолганди. Маълумки, 8 мартда Брюсселда ЕИ лидерлари ва Туркия Бош вазири Аҳмад Довудўғли меҳнат муҳожирлари масаласини муҳокама қилиш учун йиғилиш ўтказиб, узул-кесил қарорга келолмагандилар. ЕИ аввалдан Туркияга $3 млрд ваъда қилган ва Туркия олдига муҳожирларни Европа сиздирмаслик шартини қўйганди. Европа ҳатто маълум миқдор муҳожирларни Туркияга қайтармоқчи эди. Туркия эса, ёрдам пулини $20 милллиардгача чиқариш талабини олдинга сура бошлаганди. Хуллас, узил-кесил келишув бўлса, катта пул эвазига муҳожирлар муаммоси Туркиянинг елкасига юкланарди.

17-18 март кунлари ўтказилган ЕИ-Туркия саммитида бу масала бўйича узул-кесил келишувга борилибди. ЕИ Туркияга ваъда қилинган $3 млрд устига яна шунча пул берадиган бўлибди, бундан ташқари туркларнинг ЕИга визасиз киришларини енгиллаштиришга ва бундан ҳам муҳими, Туркияни ЕИга қабул қилиш масаласи бўйича музокараларни янада юқорироқ даражага олиб чиқишга ваъда берибди.

Туркларнинг ЕИга визасиз кириши бўйича ЕИ маълум қулайликлар яратиши мумкин, дейди мухбиримиз, аммо Туркияни ЕИга қабул қилиш масаласи тахминан 50 йилдан бери ҳал этилмаётгани каби, ҳозир ҳам ҳал этилмайди. Чунки, Туркиянинг бир қисми Европада бўлса ҳам, бу моҳиятан Осиё мамлакатидир. Бунинг устига, ҳокимиятга Ражаб Эрдўғон раҳабарлигидаги исломчилар партияси келгандан бери, Туркия секин бўлса ҳам исломлашиш йўлидан кетмоқда. Исломлашиш жараёни тўхтамаса, Туркия Европа Иттифоқига қабул қилинмаслиги аниқ.