19 March 2016
08:50 - Тожикистонда чақалоқларга ёт исмларни қўйиш тақиқланди, Ўзбекистонда ҳам тақиқланиши керакми?

Тожикистон президенти Имомали Раҳмонннинг “Оила кодекси”га тегишли ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги фармони билан дунёга келаётган тожик болаларига миллий маданиятга ёт исмлар қўйиш тақиқланди. Кодексга киритилаётган ўзгартиришларда қариндошлар ўртасидаги никоҳлар ҳам тақиқланган.

Шунингдек, Тожикистонда туғиладиган тожик болаларига муайян предмет¸ маҳсулот¸ ҳайвон ва қуш маъносини англатувчи исмлар бериш ҳам тақиқланди. Кишиларнинг турли рутбаларини белгиловчи мулла¸ шайх¸ тўра ва хон каби қўшимчалар ҳам шулар жумласидандир.

Туғилган боланинг насабини кўрсатиш учун русларнинг “-ов” ва “-ич” сингари қўшимчалардан фойдаланиш ҳам тақиқланган

Русча қўшичалардан фақат тожиклар эмас, ўзбеклар ҳам қутилиши керак, дейди мухбиримиз. Аммо, буларни қонунлаштириш керакми? Қочон тожиклар ва ўзбеклар қонунсиз ҳам ўзлари бу ишни қиладиган бўладилар?

Мисол сифатида Абдураҳим Пўлатнинг сайтимизда эълон қилинган хотиралардан бир неча сатрни эслатамиз.

1989 йил 14 декабрда Абдураҳим Пўлат қиз кўрганда, у туғилиш гувоҳномаси берувчи ЗАГС ташкилотидан қизининг исми шарифини “Сайёра Абдраҳимовна Пўлатова” эмас, “Сайёра Абдураҳим қизи Пўлат” деб кўрсатишни талаб қилган. Анча тортишувлардан кейин, “Бирлик”нинг ўзбек тилини давлат тили қилиш талаби билан ўтказилаётган митингларда ҳам иштирок этгани, аммо митинг минбаридан узоқда тургани сабабли Абдураҳим Пўлатни дарҳол таний олмаганини тан олган ЗАГС ходими, ёшгина ўзбек аёли, шундай деган экан: Мавжуд инструкциялар бўйича қизингизнинг фамилиясини отаснинг, яъни Сизнинг расмий фамилиянгиздек ёзишга мажбурман. Аммо, инструкцияларни Сиз учун бироз бузаман ва унинг исми шарифини “Сайёра Абдураҳимовна Пўлатова” эмас, “Сайёра Абдураҳим қизи Пўлатова” деб ёзиб бераман.

Абдураҳим Пўлат бунга рози бўлгач, балки, Ўзбекистон тарихида биринчи марта янги туғилган чақалоқнинг исми-шарифи туғилиш гувоҳномасига “Сайёра Абдураҳим қизи Пўлатова” деб ёзилган.

Яъни, Ўзбекистонда бундай ишларни қилиш учун қонун шарт эмас, ўзбеклар Ўзбек эканликларини эсласалар ва Абдураҳим Пўлат каби бўлишга ҳаракат қилсалар етарли. Яна ким билади, ўзбекларни қайтадан миллат қилиш учун аввалига ҳамма нарсани мажбуран, қонунлар йўли билан қилдириш керакдир.