16 March 2016
18:44 - Нурсултон Назарбой бир даста элчилар билан бир қаторда Ўзбекистон элчисини ҳам қабул қилди ва ёзда Тошкентга келажагини айтди
Оқ Ўрда қароргоҳида Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбой янги тайинланган дипломатлардан ишонч ёрлиқлари қабул қилиш маросими доирасида Ўзбекистон элчиси Икром Назарни ҳам қабул қилди ва мулозамат оҳангида Ўзбекистон ўз мамлакатининг асосий ҳамкори эканини таъкидлади, дейилади расмий хабарларда.

“Ўтган ҳафта икки томонлама ҳамкорлик бўйича Қўшма ҳукуматлараро комиссиянинг 15-йиғилиши бўлиб ўтди. Эришилган келишувлар реализацияси Қозоғистон-Ўзбекистон муносабатларини янги сифат босқичига кўтаришига ишончим комил. Биз савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликнинг ҳамма йўналишлари бўйича самарадор ишлаш учун барча имкониятларга эгамиз. Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг охирги ташрифи давомида эришилган келишувга мувофиқ, мен ҳам июнь ойида Тошкентга ташриф буюриб, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг навбатдаги йиғилишида иштирок этишни режалаштирмоқдаман”, - дебди Нурсултон Назарбой учрашувда.