16 March 2016
16:43 - Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комил яна Пекинда ШҲТ Бош котиби билан учрашди
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматига кўра, кеча Хитой Халқ Республикасида амалий ташриф билан бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти Бош котиби Рашид Алимов билан учрашди. Учрашувда ШҲТ кун тартиби масалалари юзасидан фикр алмашилди.

“Вазир Ўзбекистон раислиги доирасида Тошкент шаҳрида ўтказиладиган ШҲТнинг асосий тадбирларига тайёргарлик кўриш бўйича Ўзбекистон томонидан олиб борилаётган ишлар тўғрисида ахборот берди. ШҲТ Бош котиби Ўзбекистоннинг жорий раислиги ва Тошкент шаҳрида ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари Кенгаши чоғида имзоланиши режалаштирилаётган ҳужжатлар ташкилотнинг 15 йиллик тарихида муҳим босқич нуқта бўлиши ва кўп томонлама ҳамкорликни янги даражага олиб чиқиши кераклигини таъкидлади” дейилади вазирлик хабарида.

Эслатиб ўтиш керакки, Абдулазиз Комил шу йил 27 январда ҳам айнан Пекинда Рашид Алим(ов) билан учрашгани ҳақида “Ҳаракат” Агентлиги 28 январда хабар тарқатганди. Шундай экан, Абдулазиз Комил нега Пекинга серқатнов бўлиб қолди, деган савол туғилиши табиийдир. Тошкентдаги инидан чиқмайдиган Ислом Карим танқидларимизга чидай олмасдан яккамоховликдан чиқишга ҳаракат бошламадимикан?

Абдулазиз Комил ва Рашид Алимнинг расми 28 январдаги хабаримиздан олинган.