16 March 2016
06:47 - Кечаги куннинг асосий хабари: Россия ўз қўшинларини Суриядан олиб чиқишга бошлади, АҚШ Давлат Котиби Москвага келмоқчи, ҳақиқий аҳвол харитада
27 февралда Сурияда ўқ отишни тўхтатиш келишуви кучга киргандан бери у ерда нисбий барқарорлик бор. Келишувда ИШИД ва Ал-Қоида, тўғриророғи, унинг Суриядаги қаноти иштирок этмагани сабабли, бу икки террористик гуруҳга қарши уруш давом этаверди. АҚШ ва Россия уларни ҳаводан бомбалашни давом эттирадилар, Суриянинг расмий қўшинлари эса, ИШИД ва Ал-Қоида назорати остида бўлган ҳудудларини озод қилиш билан шуғулланади ва Башар Асад режими кучаяди.

Шундай бўлса ҳам, кеча Россия Суриядан ўз қўшинларини олиб чиқишни бошлдаганини билдириши сенсациядек қабул қилинди. Аслида, русларниннг Сурияда узоқ йиллардан мавжуд бўлган ҳарбий базасида асосан ҳарбий ҳаво кучлари бор эди. Табиий, Россия бу базани бутунлай ташлаб кетмайди, демак, у ердан ҳаво ҳарбий кучларининг маълум бир қисмининг олиб кетилиши ҳақида гапириш керак.

Россиянинг бу қарори тактик қадам бўлса керак, у Яқин Шарқдаги охирги бастиони бўлган Суриядан осонликча чиқиб кетмайди ва бу масалада Эрон билан ҳамкорлини тўхтатмайди. Демак, Россия Башар Асад раҳбарлигидаги шиаларга яқин оқимнинг режимини қўллаб-қувватлашни давом эттиради.

Ҳозир Женевада Сурия ҳукумати ва тоқатли (яъни, Ғарб террористик деб ҳисобламайдиган) мухолифат ўртасида Башар Асад режимининг келажаги бўйича музокаралар давом этомқда. Тоқатли мухолифат орқасида турган АҚШнинг мақсади - Башар Асад ва унинг раҳбарлигидаги шиаларга яқин бўлган, демак, Эрон билан иттифоқчиликдан воз кечмайдиган режимни йиқитишдир. Башар Асад режими орқасида турган Россиянинг мақсади бунинг том тескариси.

Кеча тўсатдан АҚШ Давлат Котиби Жон Керрининг яқинда Москвага бориши эълон қилинди. Табиий, у Путин билан Башар Асаднинг тақдири масаласида келишишга ҳаракат қилади. Аммо, бу икки тараф Сурия масаласида яқин орада келишолмайди. Ғарбнинг санкциялари остида иқтисоди чўкаётган Россия кейинчалик орқага чекиниши мумкин.

Сурия харитасидаги қизғиш рангдаги ҳудудлар расмий ҳукумат бошқаруви остида. Кулранг ҳудудлар ИШИД, сариқ рангдагилари курдлар, яшил ранглилари тоқатли мухолифат, оқ рангдаги ҳудудчалар Ал-Қоида қўлида.