11 March 2016
21:40 - Нўхат нархи кескин ошди, харидорнинг ақли шошди, бошқа нархларда нима бўлмоқда?
Пойтахт бозорларида сўнгги бир ҳафтада бу маҳсулотнинг “Қўйлиқ”даги чакана нархи 14 минг сўмгача, “Фарҳод” бозоридаги нархи эса 15 минг сўмгача кўтарилди. Хусусан, нўхатнинг “Эрон” ва “Жалолобод” навлари шу кунда 14 мингдан 15 минг 500 сўмгача, оддий жайдари нўхатнинг килоси эса 13 минг сўмгача сотилмоқда. Сотувчилар бу ҳолни улгуржи бозорда мазкур маҳсулотнинг деярли йўқлиги билан изоҳламоқда.

Тошкентнинг Катта халқа йўли бўйидаги “Гуруч бозори” сотувчиси Оллоберган аканинг таъкидича, энг сифатли супер лазер гуручининг нархи 6000-6500 сўм бўлгани ҳолда нўхат нархининг бу тарздаги сакраши ҳайратланарлидир.

“Бугунда энг қиммат гуруч 6500 сўмгача, оддий рўзғорбоп гуручларни 2500 сўмдан олса ҳам бўлади. Ҳатто Ўзганнинг “қора қилтириқ”и ҳам 7000 сўмдан ошмайди, аммо нўхатнинг қимматлашганига жуда ҳайронмиз. Мошни 6000 сўм, ҳатто мамлакатимизга хориждан импорт қилинадиган гречка донини ҳам шу нархда олиш мумкин” дейди Оллоберган ака.

Баҳорнинг мавсумий неъматларидан бири бўлган қўзиқориннинг (Шампиьон нави) килоси 15 минг сўмга чиқди. Аммо унинг бир қилосига 15 килограмм исмалоқ, худди шунча жағ-жағ кўкатларини харид қилиш мумкин. Бозорни ўз таровати билан анқитиб турган кўкламги шивит, кашнич ва укропнинг 5 боғи атиги 1000 сўм, уни ҳар куни 90-100 боғдан сотмаган сотувчининг патта пули ҳам чиқмайди.

Гўштнинг нархи ўзгаргани йўқ: “Қўйлиқ”да қўйнинг баррагина гўшти 26 минг сўмдан 28 мингггача топилади. Ҳатто кунлар исиши билан от гўштининг нархи кескин ташлади: 23 минг. Мол гўшти эса омухта ем қимматлиги боис анчайин баланд — 28 000-30 000 сўм!

Хоразмда ишлаб чиқарилаётган шакар 3500-3800 сўм, Ангрен шакар заводининг Хоразмникига қараганда сифати анчайин паст маҳсулоти эса сал ҳамёнбопроқ — 3000-3200 сўм. Аммо ёғ маҳсулотларининг нахри кўтарилиб бормоқда. Тошкент ёғ-мой экстрация заводида қадоқланган пахта ёғининг литри 8000-8500 сўм, Бухоронинг Когонидан келадиган худди шундай маҳсулотнинг литри 7500-8000 сўм. Асосан Россия ва Украинадан импорт қилинадиган ўсимлик ёғларининг нархлари ошиб қолган: ўтган ҳафтада 9500 сўмдан сотилган “Затея”, “Янтарь” ёғларининг нархи “қора бозор”да АҚШ долларининг қийматига монанд 10 000 сўмдан ошган.

Шунингдек, баҳорнинг илк 10 кунлигида лавлаги, турп, картошка-пиёз, карам сингари қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг нархи 1000 сўмдан ошгани йўқ. “Илик узилди” даври ҳисобланмиш мартнинг охири ва апрелда ҳам бу маҳсулотларнинг нархи ошмаса керак, чунки сотувчилар омборларда бу неъматларнинг мўллигини гапиришмоқда.

Косасидан аввал сочи оқараётган деҳонннинг картошка-пиёзи омборларда эскираётган бир паллада иссиқхоналарда бодринг, помидор етиштириб сотаётган уддабуронларнинг иши юришган: помидор — 10 000-15 000 сўм. Эрондан импорт қиланиётган цитрус мевалар – мандарин (8 000-9 000 сўм), киви (21 000 сўм) ва ананас (20 000 сўм). Шунингдек, сут-қатиқнинг ҳам бозори чаққон, бир литр хонаки сутнинг баҳоси 3 500 – 4 000 сўм, уни эринмай ивитиб, қатиққа айлантирган тужжор сал қимматроқ сотиши мумкин.

Асосан Қозоғистонда ипорт қилинадиган ун нархларида ўзгаришлар йўқ: уннинг килоси навига қараб 3 000 сўмдан 3 600 сўмгача.