08 March 2016
06:49 - Туркия ва Европа Иттифоқи муҳожирлар масаласида келишолмадилар, музокаралар давом этади

Аслида, бу масаланинг моҳиятини тарафлар яхши тушунасаларда, тушунмагандек бозорга солмоқдалар. Маълумки, қашшоқ ва қолоқ Осиё ва Африка мамлакатларилдан бир амаллаб Европага кўчиб олиш ҳаракатида бўлган ва асосан мусулмонлардан иборат бўлган муҳожирлар оқими миллионларга чиқиб кетди. Сурия ва Ироқдаги уруш туфайли бундай муҳожирларнинг сони яна ҳам ортмоқда ва ортишни давом этиириши муқаррар.

Бундай қочқин-муҳожирларнинг мутлақо кўпчлиги Сурия ва Ироқдан қуруқ ер орқали, Африка мамлакатларидан Ўрта Ер денгизи орқали аввал Туркияга келиб, бу ердан Европага сизмоқда эдир. Арзон ишчи кучига муҳтож бўлган Европа бундай муҳожирларнинг маълум қисмини қабул қилишга доим тайёр бўлган ва ҳозир ҳам тайёр, аммо, миллионлабларни эмас. Бунинг устига, айниқса, ўтган йилги Париждаги терактлардан кейин, мусулмон муҳожирларга потенциал террористлар деб қараш кайфияти ҳам ортиб бормоқда.

Кеча Брюсселда ЕИ лидерлари ва Туркия Бош вазири Аҳмад Довудўғли меҳнат муҳожирлари масаласини муҳокама қилиш учун йиғилиш ўтказдилар. Маълумки, ЕИ аввалдан Туркияга $3 млрд ваъда қилган ва Туркиядан бунинг эвазига муҳожирларни Европа сиздирмаслик шартини қўйганди. Европа ҳатто маълум миқдор муҳожирларни Туркияга қайтармоқчи эди. Хуллас, $3 млрд эвазига муҳожирлар муаммоси Туркиянинг елкасига юкланарди.

Кўринишидан, Туркия бундай шартларга аввал рози бўлган, аммо ҳозир каттароқ пул ундириш ҳаракатида. Турли манбаларга кўра, Туркия 6 билан 20 миллард доллар ўртасида пул истамоқда. Европа бунга ҳали тайёр эмас.

Хуллас, кеча Брюсселда бу масала бўйича келишув бўлмаган. ЕИ раҳбари ёки президенти ҳам деса бўладиган Европа Кенгашининг раиси Доналд Туск бу масала 17-18 март кунларига режалаштирилган Европа Иттифоқи саммитида кўриб чиқилишини, Туркия билан музокаралар давом этишини билдирди.

Маълумки, Туркия ўз фуқаролари учун ЕИ мамлакатларига визасиз бориш тартиби ўрнатилишини ва келажакда ЕИга аъзо бўлишни истайди. Кечаги йиғилишдан кейин Европа Кенгашининг раиси Доналд Туск, ЕИ Бош вазири деса бўладиган, аммо расман Еврокомиссия раиси деб ҳисобланадагинан Жан-Клод Юнкер ва Аҳмад Довудўғли биргаликда матбуот конференцияси ўтказганларида, Доналд Туск Туркия ватандошларига визасиз кириш тартиби албатта бўлади деган маънода гапирган. Бошқа манбаларда маълумки, ЕИ Туркияни ўзига аъзо қилиб олишни ўйлаётгани ҳам йўқ.