06 March 2016
11:09 - Туркияда ҳаммаёқ алғов-далғов: Террор битмаяпти, исломий жамоaлар ўртасидаги жанжал катта хавфга айланмоқда

Бу хусусда катта хабарлар бериш, чуқур ва кенг таҳлиллар қилиш лозим. Аммо, бунга ҳозир имконимиз йўқ. Шу сабабли, қисқа бўламиз.

Туркияда йиллардан бери курдларнинг ПККси ва сўлчи марксист ёшларнинг террори давом этар экан, аввал Сурия муаммоси, кейин Россия билан совуқ уруш ўртага чиқди.

Айни замонда исломчилар ўртасидаги келишмовчилик катта жанжаллардан ҳам ташқарига чиқиб, урушга айланиб кетиш арафасига келмоқда.

Кеча Истанбул судининг қарори билан Фатхулла Гулен жамоасига оид бўлган Замон газетаси эгасидан тортиб олиниб, уни вақтинча бошқарадиган бошқарувчилар тайинланган эди. Бу воқеа Европа тарафидан, АҚШнинг Туркиядаги элчиси тарафидан танқид қилинди. “Ҳаракат” эса бошқача фикрда. Бу фикримиз кеча шундай ифода қилинган эди: “Ғарб давлатлари демократияни ҳимоя қилувчилар сифатида Туркия ҳокимиятидан бундай зўравонликни тўхтатишни талаб қилмоқдалар. Аммо, эси паст европаликлар тушунмайдиларки, Абдураҳим Пўлат АҚШ Президенти Барак Обамага ёзган хатида айтилганидек, Ислом дини дунёвийлик/секуляризм принципини қабул қилмагунча, дунёда демократия ва дин эркинлиги бўлолайди. Замон газетаси феълан дунёвийлик принципи душманлари ва Туркияни исломий давлатга айлантириш тарафдори бўлганларнинг газетаси. Бундай газеталар демократик давлатларда ҳам дарҳол ёпилиши керак.”

Бир кун аввал эса, бошқа воқеа юз берди. Ўтган йилнинг ноябрь ойида давлат сирларини очишга интилиш каби айблар билан “Жумҳурият” газетасининг Бош редактори Жон Дундор ва бу газетанинг Анқара бюроси раҳбари Эрдем Гул ҳибсга олинганди. Аслида, воқеа мураккаб бўлиб, бу газетачилар мавжуд ҳокимиятга мухолифатчилик қилиш йўлида ҳаддиларидан ошиб, ростдан ҳам давлат сири бўлган нарсларни очиб қўйишган эди. Бу ҳақда “Ҳаракат” аввал хабар берган. Икки журналистнинг ҳибсга олинишининг ташаббусчиси Президент Ражаб Эдрўғон эканлигини ҳам ақли жойида одамлар тушунардилар. Аммо, ҳозир Эрдўғон Африкадаги бир қатор мамлакатлар бўйлаб расмий сафар қилар экан, Туркия Конституцион Судининг қарори билан ўша икки журналист озод қилинди. Табиий, уларнинг иши бекитилгани йўқ, аммо тергов улар озодликда бўлганда давом этаверади.

Лекин, бундан ғазабга тушган Ражаб Эрдўғон “Мен бундай Конституцион Судни тан олмайман” дейишга боргани, аслида шармадаликдан бошқа нарса эмас.

Бу икки журналистнинг аввал ҳибсга олиниши, ҳозир қўйиб юборилиши, айни пайтда, Замон газетасининг фатхулла-гуленчилардан тортиб олиниши - асл моҳияти билан бир-биридан фарқи бўлмаган Ражаб Эрдўғон ва Фатхулла Гулен бошчилигидаги исломчи гуруҳларнинг ҳокимият талашиб ўзаро урушга киришларидир.

Бу урушнинг охири “вой” бўлиши муқаррар. Бўлаётган воқеалар Туркияни ҳам, Турк Дунёсини ҳам яхшиликка олиб бормайди.

Расмда - Фатхулла Гулен ва Ражаб Эдўғон.