06 March 2016
09:37 - АҚШда президентлик сайлов кампанияси: Кеча республикачилар 4 штатда, демократлар 3 штатда праймериз ёки кокуслар ўтказдилар
Кеча Республикачилар Партияси Канзас, Мэн, Кентукки ва Луизиана штатларида, Демократик Партия Луизиана, Канзас ва Небраска штатларида сайлов кампаниясининг бошланғич босқичини праймериз ёки кокус шаклида ўтказдилар. Республикачилардан Доналд Трамп Луизиана ва Кентукки штатларида, Тед Круз Канзас ва Мэн штатларида ғалаба қозонди. Демократлардан Ҳиллари Клинтон Луизиана штатида, Берни Сандерс Канзас ва Небраска штатларида ғалаба қозонди.

Шу патгача бу сайлов кампаниясига доир хабарларимизда тилга олинмаган бир фактни айтмоқчимиз. Ёз ойларида ўтказиладиган бу икки партиянинг қурултойларида 8 ноябрда бўладиган сайловларда шу партиялар номидан иштирок этадиган номзодлар белгиланади. Табиий, қурултой делегатларнинг овози билан белгиланади. Ҳамма гап шундаки, ҳозир турли штатларда бўлаётган бошланғич босқич сайловларида қурултой делагатлари сайланмоқда. Қайси номзод қанча овоз олса, шунга яраша унинг тарафдорлари бўлганлар қурултойга делагат этиб сайланади.

Республикачилар Партияси қурултойида 1 минг 237 ёки ундан кўпроқ делегатнинг овозини олган номзод ғалаба қозонади, Демократик Партия қурултойида эса, ғалаба қозониш учун 2 минг 383 ёки ундан кўпроқ делегатнинг овозини олиш зарур. Кўринишидан, демократларнинг қурултойи республикачиларникига нисбатан сони жиҳати билан сал кам икки марта катта бўлади.

Бугунгача ўтказилган бошланғич босқич сайловларида Доналд Трамп тарафдори бўлган 378, Тед Круз тарафдори бўлаган 295, Марко Рубио тарафдори бўлган 123 ва Жон Касич тарафдори бўлган 34 делегат сайланди. Демак, ҳозирча Доналд Трапм бошқалардан анча олдинда.

Демократларнинг қурултойида Ҳиллари Клинтон тарафдори бўлган делегатлар сони 1 минг 121, Берни Сандерс тарафдори бўлган делегатларнинг сони 479 бўлди. Ҳиллари Клинтон катта фарқ билан олдинда кетмоқда