05 March 2016
10:35 - Ўзбекларга яна бир яхши хабар: Ўртача ойлик бўйича Хитойдан ҳозир 290 фоиз орқадамиз, Ислом Карим умрбод президентлик қилса, Хитойга бор-йўғи 150 йилда етиб оламиз
Аввалги хабарларимздан бирида ҳозир ўртача ойлик бўйича Европа мамлакатларидан 1600 фоиз орқада эканлигимиз, Ислом Карим умрбод президентлик қилса, Европага 100 йилдан ҳам олдин етиб олишимизни билдириб, келажаги буюк Ўзбекистон халқини хурсанд қилган эдик.

Reuters агентлигининг хабарига кўра, бугун Хитой парламенти – Умумхитой Халқ Вакиллари Мажлисида нутқ сўзлаган Бош вазир Ли Кэцян ўз мамлакатининг 5 йиллик ривожланиш дастурини тақдим қилган. Дастурга кўра, бу йил Хитойда Ялпи Ички Маҳсулот 6,5-7% га ортади, яқин 5 йилликда ўртача ўсиш 6,5% бўлади.

Ҳозир Хитойда киши бошига ЯИМ 6,6 минг доллар, Ўзбекистонда эса, бор-йўғи 2,2 минг доллар атрофида. Киши бошига ЯИМ ҳажми ўртача ойлик даражасига пропорционал эканлигидан келиб чиқсак, ўртча ойлик бўйича Хитойдандан 3 марта, яъни бор-йўғи 300% орқадамиз. Бор-йўғи дейишимизнинг сабаби эса, ЕИдан 15,9 марта, яъни 1590% орқадлигимизда.

Ислом Карим бу йил январь ойида Вазирлар Маҳкамасида нутқ сўзлаб, бизда ЯИМ бир йилда 7 фоизга ортиши, 15 йилда эса 2 бараварга ортиши билан мақтанди. Демак, Ўзбекистонимизда аҳоли сони 15 йилда ҳеч ошмайди деб ҳисобласак ҳам, киши бошига ЯИМ 15 йилдан кейин тахминан 4,5 минг доллар бўлади.

Энди фараз қилайлик, Хитойда ЯИМ ва ўртача ойлик йилига 6,5 фоиздан, бизда эса Ислом Карим раҳбарлигида 7 фоиздан ортиб бораверса, Хитойдан 300 фоизлик орқадалигимизни бор-йўғи 150-200 йилда йўқ қилар эканмиз.

Бундай “оламшумул” ишларни фақат Ислом Карим раҳбарлигида амалга ошириш мумкинлигини ҳисобга олиб ва Тожикистондан ўрганиб, Ислом Каримнинг умрбод президентлигини қонунлаштириш керак. Аслида, бу масалада тожиклардан ҳам олдинга кетиш ва Ислом Карим ҳеч қачон бу оламни тарк этишга ҳаққи йўқлигини ҳам қонунлаштириш шарт.

Акс ҳолда, ҳолимиз ҳозиргидан ҳам “вой” бўлаверади.

Аммо, минг афсуски, ўзбекларни ҳолимиз “вой”лиги ва “вой” бўлавериши ҳеч қизиқтирмайди. Уларга ош ейиш ва туалетга бориб туриш имконияти берилса бас, бошқа ҳеч нарса керакмас.