03 March 2016
19:13 - Сенсация эмас: Гулчеҳра Бобоқулова мусулмонларни ўлдираётган Россиядан қасд олиш мақсадида рус қизининг бошини олибди, Россиядаги ўзбеклар эҳтиёт бўлсинлар!
Рус ахборот воситалари Гулчеҳра Бобоқулова устидан бошланган тергов доирасида унинг биринчи сўроққа тутилиши ҳақида гўёки сенсацион хабарлар тарқатмоқдалар. Бу қотил боқимчи-аёл (уни энага деб аташ, энагалик тушунчаси устидан ҳақорат бўларди) нимага бундай қилгани ҳақидаги саволга, мақсади Сурияда мусулмонларни бомбалаётган Россиядан қасд олиш эканлигини айтибди. Мана унинг сўзлари: “Ким қон тўкмоқда? Путин учоқлардан бомбаламоқда. Нимага мусулмонларни? Нимага бомбалаяпсиз? Нимага ҳеч ким бу ҳақда гапирмайди? Улар ҳам (сурияликларни назарда тутаётган бўлса керак – “Ҳаракат”) яшашни истайдилар.”

Ҳозир маълум бўлишича, кеча Гулчеҳра Бобоқулова ўзини ҳибсга олиш қарори чиқараётган суддаёқ, бу қотиллик учун аввалдан тайёрлаганини эътироф қилган ва у қизалоқнинг ота-онасидан кечирим сўрайсизми деган саволга “Йўқ, фақат Оллоҳдан кечирим сўрашим мумкин” деб жавоб берган экан.

Ҳа, ҳамма нарса “Ҳаракат” аввалдан башорат қилгандек бўлмоқда. Кўринишидан, Гулчеҳра Бобоқулова оддий ислом фанатиги, “Бирлик” лидери Абдураҳим Пўлат АҚШ Президенти Барак Обамага ёзган хатида айтганидек, ислом фанатиклиги билан ислом экстремизми ва терроризми ораси – бир қарич эмас, ярим қаричдир. Бу касалликдир!

Бу гаплар ҳар қандай реакцион фанатиклик учун тўғридир. Россия ва Ўзбекистон президентлари Владимир Путин ва Ислом Каримлар ҳам айнан Сталин каби диктаторларнинг фанатиклари бўлиб, шу фанатиклик асосида ўз халқларига нисбатан террорчилик қилаётган одамлардир.

Нима бўлганда ҳам, Гулчеҳра Бобоқулованинг қилмишлари Россиядаги меҳнат муҳожирлари, биринчи навбатда, ўзбек меҳнат муҳожирлари учун катта зарба бўлади. Уларни ишдан ва Россиядан ҳайдаш ҳаракатлари кучаяди, рус миллатчи-фашистлари, 5-6 йил аввал қирғиз фашитслари қилганидек, ўзбекларни қонга булғаш ҳаракатига тушадилар. Қолаверса, Владимир Путин ва Ислом Карим ўша қирғиз фашистлари тарафдори бўлган одамлар эканлигини ҳам унутмаслик лозим.

Ўзбеклар айниқса ҳозир ва яқин келажакда жуда эҳтиёт бўлишлари керак.