02 March 2016
17:34 - Россияликларнинг 47 фоизи Горбачевга салбий муносабатда, русларнинг ақли қачон киради? Ўзбекларникичи?

Бу мамлакатнинг оммавий ахборот воситалари Россия Жамотчилик Фикрини Ўрганиш Маркази тарафидан ўтказилган навбатдаги сўровномаларнинг натижаларини эълон қилдилар.


Маълум бўлишича, россияликларнинг 47 фоизи СССРнинг биринчи ва охирги президенти Михаил Горбачев ўз мамлакати учун ҳеч қандай яхшилик қилмаган деб ҳисоблар экан, 46 фоизи эса, у ўз мамлакатининг келажагини ўйлагани, аммо бир қатор жиддий хатоларга йўл қўйганига ишонади.


12 фоиз россиялик Горбачев ақлли одам бўлгани, маъсулиятлардан қўрқмасдан, мамлакатда керакли ислоҳотлар ўтказгани ва уларни амалга ошириш учун ҳамма нарса қилганини тан олар экан. Горбачевнинг энг катта муваффақиятлари сифатида совуқ рушнинг тугатилиши (6%) ва демократик эркинликлар киритилиши (5%) кўрсатилибди.


Сўнги йилларда Горбачевга муносабат радикаллашгани ҳам маълум бўлиган. Уни буюк мамлакатни онгли равишда парчаланишга олиб борган деб ҳисоблайдиганлар сони ортибди, ҳозир бундайлар Россияда 24%.


Қаранг, дейди “Ҳаракат” мухбири, Россиядек мамлакатда аҳолининг фақат 5 фоизигина демократик эркинликлар киритилишини ижобий деб баҳолабди. 21 асрда руслар демократик эркинликларни тўғри баҳолай олмаётганлари, ҳар қандай ривожланиш айнан шу эркинликларга боғлиқ эканлигини тушунмаётганлари ақлга сиғмайди. Бунинг сабаби – русларнинг кўпчилиги  ҳали ҳам “империя руҳи” билан яшаётгани бўлса керак. Бу руҳ Путин режими тарафидан ҳамманинг онгига янада тиқиштирилаётгани ҳам маълум, аммо бугун Россия “темир девор” ичида яшаётган мамлакат эмас-ку. Руслар дунёда бўлаётган жараёнларни, ҳамма ерда империялар парчаланиб битаётганини, демкратия бор жойда фаровонлик борлигини кўрмаётганлари одамни ҳайратга солади.


Аммо, муҳим бўлгани, оз бўлса ҳам, Горбачев ақлли одам бўлгани, маъсулиятдандан қўрқмасдан, мамлакатда керакли ислоҳотлар ўтказгани, у СССРдек катта қамоқхонада демократик эркинликлар киритганини тан олувчиларнинг борлигидир.  “Бирлик” лидери Абдурҳаим Пўлат доим урғулаб келаётганидек, тарихни ҳар доим кичик гуруҳлар қилган, айнан кичик гуруҳларларнинг, яъни озчиликнинг янги ғоялари охир-оқибатда ғалаба қозонган.


Шундай экан, русларнинг ақли киришини эмас, озчилик қачон ғалаба қозонишини кутиш керак. Дарвоқе, айнан шу фикр Ўзбекистон ва ўзбекларга ҳам тегишлидир.