25 February 2016
20:07 - Ислом Карим Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги фаолиятини ихчамлаштирди
Президент Ислом Каримнинг куни кеча матбуотда эълон қилинган қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги тузилмаси ўзгартирилиб, унинг бир қисми йўқотилди. Яъни, эндиликда Меҳнат вазирлиги деб аталадиган мазкур идора фақат аҳолини иш билан таъминлаш, бандлик, меҳнат муҳофазаси билан шуғулланади. Вазирлик зиммасидаги бир қанча ваколат ва мажбуриятлар, яъни аҳоли саломатлиги ва ногиронлар ҳимояси Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига, ижтимоий нафақалар бериш вазифаси эса Ўзбекистон Молия вазирлигига юкланди.

Вазирлик марказий аппаратининг янги структурасига кўра, вазирнинг биринчи ўринбосари лавозими олиб ташланди (вазирда битта ўринбосар бўлади), Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги, Қорақалпоғистон Меҳнат вазирлиги, меҳнат бўйича Тошкент шаҳри ва вилоятлар бош бошқармалари ҳамда туман бандлик марказлари ходимлари сони оптималлаштирилди.

Янги вазирлик структурасидаги муҳим ўзгаришлардан бири Меҳнат вазирлиги марказий аппарати структурасида Меҳнат ва халқаро алоқалар халқаро ташкилоти билан ишлаш бўйича сектор ва Ахборот-коммуникация технологияларини татбиқ қилиш секторининг яратилиши ҳамда алоҳида бошқармаларнинг функциялари кенгайтирилиши бўлди. Бу ҳам меҳнат миграциясини қўллаб-қувватлашга қаратилган бўлиб, “Бирлик” Парияси ва унинг лидери Абдураҳим Пўлат йиллардан бери илгари суриб келаёган ғоялардан биридир.

Эслатиб ўтамиз, Абдураҳим Пўлат 2008 йили Ислом Каримга махсус мактуб йўллаб, шу йўналишда ишлар қилиш лозимлигини айтганди. Халқимизнинг “Ҳечдан кўра - кеч” деган ибратли сўзи бор. Аммо, қани энди Ўзбекистонда бундай муаммоларни “Бирлик”дек тушунадиган ҳукумат бўлса эди, бундан ҳам илгари кетган бўлардик.