25 February 2016
02:26 - Рус демократлари ҳам Абдураҳим Пўлатнинг йўлини танлашмоқда: ПАРНАС “Яблоко” билан бирлашишни ва ягона партия тузишни таклиф қилди
Аввалги хабарларимиздан маълумки, аввалдан парча-парча бўлган Россия демократларининг катта бир қисми 2010 йилнинг декабрь ойида қурултой ўтказиб, Халқ Эркинлиги Партияси (Партия Народной Свободы – ПАРНАС) номи остида бирлашган ва 4 раисдош сайлаган эди. Булар - Путиннинг биринчи президентлик даврида Бош вазир бўлган Михаил Касьянов (расмда), Россия Давлат Думасининг собиқ вице-спикери Борис Немцов, расман рўйхатдан ўтган Россия Республика Партиясининг раиси Николай Рижков ва бор-йўғи бир неча йиллик сиёсий умрини турли-туман ташкилотчалар тузиш билан ўтказган Владимир Милов.

Мухолифатда яна бир партия бор эди. Бу – СССРнинг охирги йиллари унинг таркибидаги Россия Федерацияси Бош вазирининг ўринбосари ҳам бўлган Григорий Явлинский раҳбарлигида тузилган Россия Бирлашган Демократик “Яблоко” Партиясидир. Бу партия сўнги йилларда Путин билан ўзича ўйинлар қилиб, қайтадан парламентга кириб олиш ҳаракатида бўлди, аммо диктатор бунга йўл бермаслиги ҳақиқий демократлар учун аввалдан маълум эди ва шундай бўлди. Григорий Явлинский бу партияга раислик қилишни ўз қўғирчоқларига топшириш даражасига тушди ва 2008-2015 йиллари партияни Сергей Мирохинга, 2015 йил 19-20 декабрь кунлари бўлган партия қурултойида эса, кўпчлик билмайдиган Эмилия Слабуновага топширди.

ТАСС Агентлигининг хабарига кўра, ПАРНАСнинг раиси Михаил Касьянов шу кунларда “Яблоко” Партияси билан бирлашиб, янги кучли партия тузиш таклифи билан чиқибди. Аммо, аввал “Яблоко” партия раисининг ўринбосари Сергей Иваненко бундай бирлашишнинг “Давлат Думасига сайловларга ярим йил қолганда маъноси йўқлигини” айтган бўлса, кейин партия раиси Эмилия Слабунова “ПАРНАСга қўшилиш ўз партиясининг йўқ бўлиши” эканлигини баҳона қилиб, бирлашишдан воз кечибди.

Ўзбекларнинг ҳам кўпчилиги эътибор бермайдиган нарса шундан иборатки, на Сергей Иваненко, на Эмилия Слабунова бундай бирлашиш таклифини рус демократларининг, қолаверса, Россиянинг келажаги нуқтаи назаридан эмас, қандайдир иккинчи даражали нарсаларга асосланиб рад этмоқдалар.

Ўзбекистонда ҳам шундай бўлмоқда. Абдураҳим Пўлатнинг мажуд диктатурага қарши бирлашиш таклифлари бошқалар тарафидан бўлар-бўлмас баҳоналар билан рад этиб келинди. Шундан кейин у мухолифат ичида ички уруш очиб бўлса ҳам майда-чуйда партиячаларнинг лидерларини сиёсий саҳнадан йўқ қилиш ва бу партиядагиларни “Бирлик”да бирлаштириш йўлини таклиф қилиб, шу йўлда кетмоқда. Бу мутлақо тўғри йўл, бошқачаи бўлиши ҳам мумкинмас. Қани энди, руслар ҳам шуни тезроқ тушунишса.