24 February 2016
17:10 - Ўзбекларга яхши хабар: Ўртача ойлик бўйича Европа мамлакатларидан ҳозир 1600 фоиз орқадамиз, Ислом Карим умрбод президентлик қилса, Европага 100 йилдан ҳам олдин етиб оламиз
Европа Итифиқининг Бош вазири деса бўладига Еврокомиссия раисининг ўринбосари Валдис Домбровскисга асосланиб тарқатилаётган хабарларга кўра, бу йил Европа Иттифоқида умумий Ялпи Ички Маҳсулот (ЯИМ) 1,9% га ортади. Бу ерда аҳолининг сони ўсиши катта эмаслигини ҳисобга олсак, киши бошига Ялпи Ички Маҳсулот ҳам шунчага ортади.

Ҳозир ЕИда киши бошига ЯИМ 35 минг доллар атрофида, Ўзбекистонда эса, бор-йўғи 2,2 минг доллар атрофида. Киши бошига ЯИМ ҳажми ўртача ойлик даражасига пропорционал эканлигидан келиб чиқсак, ўртча ойлик бўйича Европадан 15,9 марта, яъни 1590% орқадамиз. Даҳшат!!!

Ислом Карим бу йил январь ойида Вазирлар Маҳкамасида нутқ сўзлаб, бизда ЯИМ бир йилда 7 фоизга ортиши, 15 йилда эса 2 бараварга ортиши билан мақтанди. Демак, Ўзбекистонимизда аҳоли сони 15 йилда ҳеч ошмайди деб ҳисобласак ҳам, киши бошига ЯИМ 15 йилдан кейин тахминан 4,5 минг доллар бўлади.

Агар Европада иқтисод яқин 15 йил ичида бу йил бўладигани каби фақат 2 фоиздан ортиб боради деб ҳисобласак ҳам, у ерда 15 йилдан кейин киши бошига ЯИМ 42 минг доллар бўлади.

Демак, 15 йилдан кейин киши бошига ЯИМ ва ўртача ойлик бўйича Европадан бор-йўғи 9,3 марта, яъни 930% орқада бўламиз. Ишлар шундай кетаверса, яъни Европа кризис ичида қолаверса, бизда ўсиш 7 фоиздан бўлаверса, 100 йилга ҳам бормасдан фаровонлик ва ўртача ойлик даражаси бўйича Европага етиб олишимиз мумкин.

Бундай оламшумул ишларни фақат Ислом Карим раҳбарлигида амалга ошириш мумкинлигини ҳисобга олиб ва Тожикистондан ўрганиб, Ислом Каримнинг умрбод президентлигини қонунлаштириш керак. Аслида, бу масалада тожиклардан ҳам олдинга кетиш ва Ислом Карим ҳеч қачон бу оламни тарк этишга ҳаққи йўқлигини ҳам қонунлаштириш шарт.

Акс ҳолда, ҳолимиз ҳозиргидан ҳам “вой” бўлаверади.