19 February 2016
11:32 - Европа Иттифоқининг келажаги хавф остида, Буюкбритания ундан чиқиши мумкин

Буюкбританиянинг Европа Иттифоқидан чиқиш хавфи ҳозир пайдо бўлгани йўқ. Бир неча йилдан бери Буюкбртания ЕИдан чиқиш масаласи бўйича референдум ўтказиш ниятида эканлигини айтиб келади. Ҳозир ЕИ ўз ичида бир қатор ўзгаришлар қилмоқчи. Улар Буюкбританияга ёқмайди, шекилли, ўзгаришлар қилинса, Буюбритания ЕИдан чиқиш бўйича референдумни бир неча ой ичида ўтказмоқчи.

Кечадан бошлаб Европа Иттифоқига аъзо бўлган 28 мамлакатнинг лидерлари Брюсселда йиғилиш ўтказишмоқда. У ерда Буюкбританиянинг ЕИдан чиқишини олдини олиш масаласи ҳам кўрилмоқда. Аммо, тарафлар ҳалигача умумий фикрга келолганлари йўқ. Шу сабабли, бугун кечаси (ҳозир Брюсселда айнан кечаси) Европа Кенгаши ва Еврокомиссия раҳбарлари Доналд Туск ва Жан-Клод Юнкер Буюкбритания Бош вазири Дэвид Кэмерон билан алоҳида учрашиб, ҳали ҳал этилмаган масалалрни гаплашишмоқчи.

Эслатиб ўтамиз, Европа Кенгаши - ЕИга аъзо давлатларнинг раҳбарлари ва бош вазирлари аъзо бўлган, Еврокомиссия - ЕИнинг ҳукумати деса бўладиган тизимлардир. Яъни Доналд Туск ва Жан-Клод Юнкерни шартли равишда ЕИнинг Президенти ва Бош вазири дейиш мумкин.

Маълумки, дейди мухбиримиз, ЕИ ҳозир дунёдаги барқарорликни сақлаб туришда муҳим роль ўйнайдиган халқаро иттифоқлардан биридир. Буюбритания ундан чиқса, ЕИнинг келажаги мавҳум бўлиб қолиши, бу эса, ўз навбатида, нисбий бўлса, ҳар ҳолда бор бўлган дунё барқарорлигининг бузилишига йўл очиши мумкин.