17 February 2016
17:19 - Масхарабоз Олий Мажлиснинг Омбудсмани масхарабозлик ҳисоботи берди: ҲАММАСИ ЖОЙИДА!!!

Кеча, 16 февралда мамлакат Парламентининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили – Омбудсман Улуғбек Муҳаммадиев (расмда) ўзининг 2015 йилдаги фаолиятига доир ҳисоботни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларига тақдим этди. Омбудсманга кўра, у мамлакатда инсон ҳуқуқларининг камситилишига оид фактлар аниқланмаган. Аксинча, инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги миллий қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга кўмаклашиш, уларга риоя этилиши мониторингини амалга ошириш, фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш, аҳолининг ва давлат органлари вакилларининг ҳуқуқий онги ва хабардорлигини ошириш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш юзасидан улкан ишлар амалга оширилган.

Омбудсман ҳисоботида ўтган йили унга неча киши мурожаат қилгани, неча кишига ёрдам берилгани, фуқаролар асосан қандай муаммолар билан мурожаат қилаётгани тўғрисида хабарда ҳеч қандай маълумот айтилмаган. “Ҳар томонлама муҳокама қилиш давомида билдирилган фикр-мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда, депутатлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг 2015 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни маъқулладилар ва тегишли қарор қабул қилинди”, дейилади Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Ахборот хизмати хабарида.

Улуғбек Муҳаммадиевнинг масхарабозлиги шундаки, дунёда машҳур Фридом Хаус ташкилоти 2015 йил натижалари бўйича жаҳон давлатларининг эркинлик рейтинги бўйича рўйхатини эълон қилар экан, Ўзбекистонни рўйхатнинг охиридан иккичи ўринга қўйди. Охирги ўртнда Сомалия турибди. Яъни, эркинликлар даражаси бўйича жаҳонда охиридан иккинчи ўринда турган Ўзбекистонимиз каттагина қамоқхона эканлиги тан олинди. Олий Мажлиснинг Омбудсмани эса, бизда ҳамма нарса яхши дебди, масхарабоз Олий Мажлис буни тасдиқлабди.