16 February 2016
20:08 - Бечора Ўзбекистонимиз: Касалхоналарда энди овқат касалларга сотилади
Режимнинг қўғичоқ ахборот воситалари ҳеч бир изоҳсиз тарқатаётган хабарларида айтилишича, Вазирлар Маҳкамаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги стационар даволаниш ва профилактика муассасаларида овқатланишни ташкил қилиш ва унинг учун ҳақ тўлаш тартибини тасдиқлабди. Бу ҳақдаги қарор шу йил 5 февралда чиқарилган.

Энди касалхоналарда нонушталарни давлат ҳисобидан бериш давом этса ҳам, бошқаларига касаллар пул тўлашлари керак бўлади. Овқатларнинг нархи ҳамма касаллар кўраоладиган жойларда ёзиб қўйилиши керак.

Махсус тиббий ва илмий-тиббий тиббиёт марказлари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги тиббиёт ташкилотлари ва уларнинг бўлинмаларида эскича тартиб давом этади, яъни овқат текин бўлади.

Вазирлар Маҳкамаси бундай қарорни нима билан асослаганини билмаймиз, дейди мухбиримиз, аммо ақли бор одам тушунадики, иқтисоди кун сайин чўкиб бораётган давлатнинг ўз фуқароларини ижтимоий ҳимоя қилиш учун қурби етмай қолмоқда. Кейинги қадамларда ҳожатхоналар пулли қилиниб, кейинчалик ҳамма тиббий муассалар хусусийлаштирилса, яъни пулли қилинса керак.